Зеленский Путинга сигнал юборгани айтилмоқда: Украина - Россия можаросидаги сўнгги воқеалар
Кеча Украина президенти Эстонияга ташриф буюрган ва у ерда Бош вазир Каей Каллас билан учрашган эди.
Бош вазир костюмда, Украина байроғи тасвирли брош таққан, Зеленский эса 48,3794° ва 31,1656° рақамлар тасвирланган свитерда эди.
BILD шарҳловчиси буни Зеленскийнинг Путинга “махфий хабари” деб атамоқда.
Рақамлар Украинанинг Кировоград область, Добровеличковка қишлоғи координаталари. Мамлакатнинг географик маркази у ерда 1991 йилда расман тан олинган чегаралар ичида жойлашган. Қишлоқда Украина параллеллари ва меридианлари ўтадиган жойда ёдгорлик белгиси ўрнатилган.
BILD журналисти ёзганидек, Зеленский шу билан у ҳар қандай ҳудудий муросадан воз кечиши ва ўз мамлакати чегараларидаги ўзгаришларни тан олмаслигини билдиради.
Бу орада Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак бугун Украинага ташриф буюрди.
“Бош вазир бугун Киевга ташриф буюради ҳамда янги катта ёрдам пакетини тақдим этади ва Украина билан яқин ҳамкорликка содиқлигини тасдиқлайди”, — дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, Буюк Британия Украина учун ажратиладиган маблағни 2,5 миллиард фунт стерлинггача оширади.
Шунингдек, Қўшма Штатлар Украинага қурол ва ҳарбий техника етказиб беришни тўхтатди.
Бундай дастурларни молиялаштириш учун бюджет маблағлари йўқлиги сабабли Қўшма Штатлар Украинага мудофаа маҳсулотларини етказиб беришни тўхтатди, дея маълум қилади Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши қошидаги стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби.
Оқ уй вакилига кўра, шу тариқа Киевга АҚШ қурол-яроғи ва ҳарбий техникаси етказиб бериш ҳозирча тўхтатилади. Бироқ Конгресс федерал бюджетдан Украинага ёрдам бериш учун қўшимча маблағ излаш ва ажратиш устида ишлашда давом этиши мумкин.