Россия имкониятни бой бермоқда - музокаралар Кремлни қутқарадими?
Россия армияси Украинада ғалаба қозониш имкониятларини йўқотмоқда, дипломатик музокаралар эса Кремлни инқироздан чиқаришга ёрдам бермаяпти, дея хабар қилмоқда The Economist. Нашр маълумотларига кўра, Россия армиясининг Украинада сезиларли ютуққа эришиш режалари тобора хаёлга айланяпти. Женевадаги музокаралар Москвага Киевдан ён беришлар келтиради, деган фаразлар оқланмаган, дипломатик йўл деярли ёпилган.
2021 йил июнидан 2024 йил майигача Россия қўшинлари Донецк вилоятида атиги 60 километр илгарилаган. Ваҳоланки, ўтмиш ҳужумларда минглаб километрга силжиш кузатилган. Россия ичидаги тизимли муаммолар ҳам вазиятни оғирлаштирмоқда: тайёргарлиги паст ҳарбийлар, руҳий тушкунлик ва дезертирликнинг юқори даражаси жанг самарадорлигини пасайтирмоқда. «Telegram»ни ўчириш ва «Starlink»ни блоклаш каби алоқа чекловлари қўшинларни муҳим коммуникация ва логистика каналларидан узиб қўйган. Украина инфратузилмасига эҳтимолий зарбалар ҳам уруш тақдирини тубдан ўзгартириши даргумон.
Россия иқтисодиёти қарзлар ўсиши, даромадлар қисқариши ва ресурсларни қайта тақсимлаш қийинчиликлари билан юзма-юз келмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Россия аскар ёллашда ватанпарварликка эмас, пулга таянади. Ветеранларга эътиборсизлик ва ҳалок бўлганлар оилаларига компенсациялардан бош тортиш эса ёллаш харажатларини янада оширади.
Украинадаги уруш яна бир йилдан уч йилгача давом этиши мумкин, дея тахмин қилади The Wall Street Journal. Россия музокараларни виждонан олиб бормаяпти ва жанг майдонида эриша олмаган мақсадларига, жумладан, Донбасс устидан назорат масаласида, дипломатик жараён орқали эришишга уринмоқда, дейди нашр.
Икки томон ҳам Трампнинг ғазабидан ва босим кучайишидан, Россияга қарши санкциялар кучайтирилиши ёки Украинага АҚШ ёрдами қисқартирилиши эҳтимолидан қочишга ҳаракат қилмоқда.