Кеча Москва, бугун Ярославль: Украина уруш давомидаги энг йирик ҳужумлардан бирини амалга оширди, Россия ядровий машқлар бошлади

Кеча Москва вилояти сўнгги бир йил ичидаги энг йирик дрон ҳужумларидан бирига дуч келди, дея хабар қилди пойтахт ва вилоят расмийлари. Маълум қилинишича, 500 дан ортиқ дрон учирилган. Мамлакатнинг асосий аэропортлари вақтинча ёпилди.

Украина дронларининг Москвага ҳужуми оқибатида уч киши ҳалок бўлди, улар орасида Ҳиндистон фуқароси ҳам бор. 15 нафардан ортиқ киши яраланган. Ижтимоий тармоқларда Россия телеканаллари ҳужум кўламини камайтириб кўрсатгани айтилмоқда.

Бугун эса Украина дронлари Ярославлга оммавий зарба берди. Шаҳардан чиқиш йўллари икки соатга ёпилган, бу ҳақда вилоят губернатори Михаил Евраев маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, дронларнинг аксарияти уриб туширилган, “аммо саноат объектига зарба етган”. Ҳодиса жойида ёнғин чиққан, жабрланганлар йўқ.

Украина махсус хизмати “Москва нефтни қайта ишлаш заводи” ҳамда “Солнечногорская” нефть насос станциясига зарба берилганини маълум қилди ҳамда Киев ва бошқа шаҳарларга қилинган Россия ҳужумларига жавоб қайтарганини билдирди. Киевдаги ҳужумлар оқибатида 24 киши ҳалок бўлган эди.

Украина президенти эса ушбу ҳужумни “Россиянинг урушни чўзиши” ва Украина шаҳарларига берилаётган зарбаларга “адолатли жавоб” деб атади.

Энди Россия пойтахти доимий равишда ҳужум остида қоладими — бу очиқ масала бўлиб қолмоқда.

Ўз навбатида бугун эрталаб Россия Днепропетровск вилоятидаги “Нафтогаз” объектларига ракета зарбалари берган.

Айни пайтда Россия Қуролли кучлари баллистик ва қанотли ракеталарни учириш орқали ядровий машғулотлар бошлаганини маълум қилди. Уч кунлик машғулотларга 64 мингдан ортиқ ҳарбий, 7800 дан зиёд қурол-яроғ ва махсус техника, жумладан 200 дан ортиқ ракета учириш қурилмаси ҳамда саккизта стратегик ракета сувости кемаси жалб қилинган.