Уйимиздаги носоз маиший газ баллонлари учун ким масъул?

Бугун табиий газ етишмаган маҳалла ва қишлоқлар аҳолиси рўзғорида маиший газ баллонларидан фойдаланишади. Ҳудудий газ таъминоти бўлими томонидан  аҳолига газ баллони тарқатиб чиқишади. Ўзим ҳам қишлоқда яшайман, уларнинг хизматидан доим фойдаланаман. Яқинда газ баллон олиб келишганида текшириб олган эдим. Аммо, сезмаган эканман остида игнадай тешиги бор экан. Плитага ўрнатгач, қаердан газ чиқаётганини уч кунгача топа олмадик. Ниҳоят, қишлоғимиздаги чилангар устани чақириб келгач, кўздан кечириб, аниқлаб берди. Агарда у бўлмаганида нималар бўлишини тасаввур ҳам қилолмайман. 

Тўғриси, бугунги кунда “маиший газ баллон жўмраги яхши буралмаяпти, баллондаги газ 10 кунга ҳам етмади, гази кам тўлдирилибди, баллоннинг ўзи носоз экан” қабилидаги саволлар билан мурожаат қилувчилар анчагина. Хўш, аслида тарқатилган газ баллонларининг соз ёки носозлиги учун ким масъул? Газ баллонларининг қачон техник кўрик ва синовдан ўтказилганини қандай билиш мумкин? Носоз газ баллон қайтариб олингач, созланмасдан яна бировга бориб қолишига ким кафолат беради?  

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ “Ҳудудгаз Самарқанд”газ таъминоти филиали қошида 6 та маиший газ баллонларни таъмирлаш ва синовдан ўтқазиш цехлари фаолият олиб боради. Улар мунтазам синов муддати келган ёки  таъмирталаб бўлиб қолган маиший газ баллонларини таъмирлаб ва катта босим остида техник синовдан ўтказишади.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича 39028 та маиший газ баллони,  жумладан, Самарқанд газ тўлдириш станциясидаги таъмирлаш цехида 11470 дона, Ургут газ тўлдириш шохобчасида 7044 та, Пайариқда 3913 дона, Пахтачида  6692 дона ва Қўшработ туманида эса 3257 дона маиший газ балонлари таъмирланиб, синовдан ўтказилиб, 25 646 дона жўмраклар алмаштирилган.

-Аҳолига тарқатилган маиший газ баллонларида носозлик аниқланса, уни фақатгина ҳудудий газ тўлдириш шохобчаларида жойлашган таъмирлаш ва синовдан ўтказиш цехларидагина камчиликни бартараф этиш мумкин, - дейди “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали суюлтирилган газ бўлими бошлиғи Маъруф Пардаев. - Ўзбошимчалик билан уни синган ёки ёрилган қисмларини пайвандлаш, созлаш ёки мурватларини алмаштиришлари мумкин эмас. Бу вазифани фақатгина синов цехларидаги малакали техник мутахассислар томонидан амалга оширилади. Агар уйингизга олган газ баллонингизда носозлик аниқланса, 104 рақам орқали Колл-марказга қўнғироқ қилсангиз бас, ўзлари келиб бошқасига алмаштириб беришади. Шунингдек, шахсий маиший газ баллонларини бозордан ёки қўлдан эмас балки, махсус савдо дўконларидан олиш мумкин. Шунда ҳам унда синовдан ўтганлиги тўғрисидаги ёрлиғи бўлса харид қилиш мумкин. Чунки Фарғона ва Бухоро шаҳарларида газ баллонлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда 5 йилгача синовдан ўтказилганлигини билдирувчи белги қўйилади.

Ҳозирда вилоятимиз аҳолисининг ихтиёрида 26 мингдан ошиқ шахсий газ баллон бўлиб, уларни ҳам ҳудудий газ таъминоти бўлимлари томонидан айланма тара асосида тўлдирилади.

Каттақўрғон газ тўлдириш шохобчасида жойлашган 5 та газ сиғимларида 42,5 тонна табиий газ сақланади. Туман аҳолиси ихтиёрида 39 мингга яқин маиший газ баллонлари бўлиб уларга кунига 23 тонна газ жойлаб жўнатилади. Ўтган йили корхоналардан икки хил сиғимдаги 70 та янги баллон қабул қилиб олинган. Ҳар ойда мингта янги жўмрак янгиланади. 

Жорий йилда 6652 та газ баллонларини таъмирлаб синовдан ўтказдик, - дейди шохобча раҳбари Алижон Саидов. – Кунига 50-60 та баллон кўздан кечирилиб, носозлари таъмирланади ва 20 атмосфера босим сув билан синовдан ўтказилади. Бузуқ жўмраклар янгисига алмаштирилади. Синовдан ўтказилганлигини билдирувчи тамға урилиб, рангланади. Ва яна газ қуйилиб, машиналарда аҳолига жўнатилади.

Бироқ хусусий газ қуйиш шохобчаларида бундай имкониятларнинг йўқ. Туман аҳолисига “Шуҳрат Мундиён глобаль сервис” МЧЖ томонидан ҳам баллонларга газ қуйиш хизмати кўрсатилади. Ойига 200 тонна газ тарқатувчи мазкур хусусий корхонада маиший газ баллонлар таъмирланиб, синовдан ўтказилмайди. У.Насриддинов бошқарувчидаги корхонада махсус синовдан ўтказиш ва таъмирлаш цехи йўқ. Нафақат корхона ишчиларнинг балки, аҳолининг ҳам хавфсизлигини таъминлаш кўзда тутилмаган. Бу каби камчиликлар барча хусусий корхоналарда учрайди.

Ахир, ўта хавфли бўлган газ тўлдирилган баллонларни ишлатишда йўл қўйилган салгина эҳтиётсизлик катта фалокатни келтириб чиқариши мумкин. Бунинг учун соҳа масъуллари хусусий корхоналар билан газ қуйиш хизмати учун шартнома тузишда шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратишлари керак. Чунки, юртимизда инсон ҳаёти барчасидан устун деб қабул қилинган экан, аҳолининг хаётини хавф остига қўймаслик керак.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.