Бибисора Орипова “Инсон фахри” мукофоти соҳибаси

Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида мамлакатимизда илк бора ташкил этилган “Инсон фахри” миллий мукофотининг тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ташкил этилган ушбу мукофот орқали аҳоли орасида ўзаро ҳурмат, инсонийлик ва ёрдам кўрсатиш маданиятини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Эл дарди билан яшайдиган, атрофдагиларга кўмак бериб, ҳаётини ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар турмушини яхшилашга, ўз иродаси билан бошқаларга намуна бўлиб келаётган инсонларни тақдирлашни ният қилган ушбу мукофотга эга бўлганлар орасида самарқандлик фидойи опа Бибисора Орипова ҳам бор.

Бибисора Орипова Самарқанддаги “Раҳмдиллик” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари. Қарийб 30 йиллик фаолияти давомида турли нохуш вазиятларда қолган, турмуш синовларида қадди эгилган минглаб хотин-қизларга ёрдам кўрсатиб, уларга ўз йўлини топишга ёрдам берган.

Шунингдек, мукофотланганлар орасида йил шифокори, йил спортчиси, йил ҳунарманди каби 11 йўналишда йилнинг қаҳрамонлари тақдирланди.

Ғолибларга “Инсон фахри” миллий мукофоти статуэткаси, дипломи, пул мукофотлари тантали тарзда топширилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этиб, ғолибларни ушбу юксак эътироф билан қутлади.