Чет тилларини ўрганиш — келажак калити: Жомбойда маърифий тадбир ўтказилди
Олий таълим муассасасига кириш ва таҳсил олиш учун дарсларни қандай ўзлаштириш керак? Чет тилларини ўрганиш нега муҳим? Ёшлар ўз келажак йўналишини қай тарзда тўғри танлаяпти?
Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Жомбой туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчилар учун тадбир ўтказилди. Тадбирнинг асосий мақсади ёшларнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олиш истагини кучайтириш ва хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини оширишга қаратилди.
Учрашувда Самарқанд давлат чет тиллар институтининг инглиз филологияси ва таржимашинослик факультети катта ўқитувчиси Жамшид Мирзаев, шу мактабни олтин медаль билан тамомлаб, ҳозирда ушбу институтда таҳсил олаётган Гулбаҳор Олимова, мактаб ўқитувчилари ва битирувчи ўқувчилар иштирок этди.
Тадбирда Жамшид Мирзаев институтдаги таълим тизими, талабалар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, хориж тилларини ўрганишдаги имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Гулбаҳор Олимова эса ўз тажрибаси билан ўртоқлашар экан, мактабдаги аъло таълим уни талаба бўлишга етаклаганини таъкидлади. Шунингдек, институтдаги қулайликлар — замонавий кутубхона, техник жиҳозланган аудиториялар, талабалар ётоқхонаси, спорт мажмуаси ва ошхона фаолияти ҳақида ўқувчиларга қизиқарли тарзда маълумотлар берди.
Учрашув давомида ўқувчиларга касб танлаш, келгусида қайси йўналишда ўқишни белгилаш ва бу жараёндаги муҳим омиллар ҳақида ҳам тушунчалар берилди.