Жомбойда туман ҳокими ёшлар билан бирга “Маънавиятга саёҳат” "қилди”

Тумандаги раҳбарлар ва депутатлар ўзлари таҳсил олган мактабга китоб совға қилди.
Фарзандларимизнинг комил инсон бўлиб вояга етиши учун уларни китобга, мутолаага бўлган меҳрини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Жомбой туманида “Маънавиятга саёҳат” номли арзонлаштирилган китоб ярмаркаси ташкил этилди. “Баркамол авлод” ижодиёт мактабида ўтказилган тадбирда туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар бўлими, солиқ инспекцияси, ташкилотлар ва таълим муассасалари раҳбарлари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ярмаркада мингдан ортиқ янги нашрдаги бадиий, илмий, маърифий ҳамда болалар адабиёти дурдоналари бўлган китоблар арзонлаштирилган нархларда савдога қўйилди.
Тадбирда иштирок этган туман ҳокими Хуршид Назаров ярмарка фақат китоб сотиб олиш учун ўтказилмаслиги, уни сотиб олгандан кейин ўқиш зарурлигини айтди. Шунингдек, “Умид” ижодий клуби аъзолари билан учрашди.
- Бу учрашув менда катта таассурот қолдирди, - дейди ёш ижодкор Кумуш Қобилова. – Ўз ижодимиздан намуналар ўқидик. Туман ҳокими бизни тинглади. Маслаҳатларини берди. Биз ҳоким билан бирга ҳақиқий “Маънавиятга саёҳат” "қилдик”. Жараён бизга илҳом бағишлади. Туманимиз раҳбари бундай саёҳатларни тез-тез ўтказиб туриш зарурлигини таъкидлади.
Қувонарлиси, тадбирда иштирок этган раҳбарлар, депутатлар ўзлари таҳсил олган мактабга китоб совға қилиб, таълим муассасалари кутубхоналарини бойитишга ҳисса қўшди.
Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.