Жомбойдаги маданий мерос объектлари қачон таъмирланади?

Туманда 45 та археология ва архитектура объекти бўлиб, ўтган йил вилоят маданий мерос бошқармаси томонидан 39 та муҳофаза белгиси топширилган.
Аммо ёдгорликларнинг аксарияти қониқарсиз ҳолатда ва ҳозиргача муҳофаза белгилари ўрнатилмаган обидалар бор.
Жумладан, туманнинг Қанғли маҳалласидаги XIX-XX асрларга тегишли Иброҳим ота масжидининг устунлари чириб кетган. Масжид устунлари тез фурсатда қайта таъмирланмаса, қор-ёмғирли кунларда объектга жиддий зарар етиши мумкин.
Кўкгумбаз маҳалласида эса I, IX-X асрларга оид тўртта тепалик бўлиб, муҳофаза белгиси ўрнатилмаган. Бундан ташқари, туманда археологик объектлар рўйхатига киритилган тепаликларнинг аксариятида муҳофаза зоналари ташкил этилмаган ва Нўш, Боботепа, Ўртабўз масжидларининг таъмири қониқарсиз ҳолатда турибди. Оқибатда ҳудудда маҳаллий аҳоли томонидан чорва молларини боқиш, тупроқ қазиб олиш ва бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари кўп учрамоқда.
Шайх Худойдоди валий ким бўлган?
Албатта, туманда зиёратчилар билан доим гавжум муқаддас қадамжолар йўқ эмас. Ғазира қишлоғида жойлашган Шайх Худойдоди валий мажмуаси ана шундай зиёратгоҳлардан бири. Бу ерда қабристон, мақбара ва масжид бўлиб, барчаси Яссавия тариқатининг атоқли вакили, шоир Шайх Худойдоди валий номи билан аталади. Ҳазратнинг асл исми Худойберди бўлган. Мақбарада Шайх Худойдоди валий ва уларнинг яқинлари дафн қилинган. Манбаларга кўра, Шайх Худойдоди валий 1461 йилда (ҳозирги Навоий вилояти ҳудуди) Карманада туғилган. Бошланғич таълимни олгач, Самарқандга келиб, Улуғбек, Жавзония ва Бухородаги Мулла Муҳаммад мадрасаларида таълим олган.
- Тарихий манбаларда келтирилишича, Яссавия тариқатининг машҳур намояндаси Шайх Жамолиддин Азизон шайх Худойбердининг илм ва риёзат йўлидаги маънавий пири бўлган, - дейди Шайх Худойдоди Валий масжиди ноиб имоми Фахриддин Хўжақулов. - Шайх Жамолиддин Азизон томонидан Худойбердига “Худойдод” (Худо етказди, учраштирди маъносида) деб ном берилади. У кишининг тарбиясида 50 нафардан ортиқ муридлар ушбу тариқатнинг нуфузли вакиллари бўлиб етишади. Жумладан, Шайх Худойдоди Валидан катор рисолалар ва шеърий манзумалар мерос қолган. Тарихий манбаларга кўра, Бобур Мирзо, Шайбонийхон, Жонибек Султон ва Убайдуллахон каби ҳукмдорлар Шайх Худойдодини ўзларига пир деб билиб, маслаҳатларига амал қилган.
2011 йилда ҳазрат таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан мажмуада кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилган. Дарвоза ва бинолар янгиланган, маънавият маркази барпо этилиб, хонақоҳ ўрнида гумбазли баланд мақбара қурилган. Дарвозахона кенгайтирилиб, кўча томонида ғиштин девор барпо этилган. 2014 йилда мажмуада ҳашар ва ҳомийлар ёрдами билан қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилган. Айни пайтда бу эзгу ишлар давом эттирилиб, мажмуа ҳудудида ҳомийлар кўмаги билан янги масжид қурилмоқда.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.