Амир Темур мақбарасида қандай экспонатлар сақланади?

Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбарасига келувчилар Соҳибқироннинг ҳаёти, темурийларнинг давлат бошқаруви, меъморий мероси, ўша давр маданият ва санъатидан баҳраманд бўлади.

Кейинги йилларда зиёратгоҳда олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари, реставрация жараёнлари ҳамда халқаро ҳамкорлик натижасида мақбара экспозицияси янада бойитилди.

Соҳибқирон тобутининг қоплама матосидан топилган парчалар

ХV асрга оид ушбу мато бўлаклари олтин ва кумуш иплар билан тўқилган бўлиб, тарихий дафн маросимлари анъаналарини ўрганишда жуда муҳим манба ҳисобланади. Матонинг ҳар бир бўлаги махсус шароитда сақланиб, реставрация қилинган ҳолда намойиш этилмоқда. Мато билан биргаликда мақбарада Соҳибқироннинг “Қабр очилиши ҳақида”ги далолатнома ҳужжатларининг нусхаси ва фотосуратлари мавжуд. 

Икки табақали ўймакор ёғоч эшик ва мармар панел фрагменти

Экспозицияга чиқарилган қайрағочдан ясалган, фил суяги ва турли дарахтлар билан инкрустация қилинган бу эшик темурийлар давридаги ўймакорлик санъатининг ёрқин намунаси сифатида қадрланади. Шунингдек, эпиграфик нақшли мармар панел фрагменти Қуръон оятлари ва безакли ёзувлар билан зийнатланган бўлиб, темурийлар даври хаттотлик ва нақш санъатининг нозик услубларини очиб беради.

Кўксаройдан топилган устун таглиги ва бўлаги

ХIV-ХV асрларга оид мазкур меъморий деталлар Амир Темур давридаги сарой меъморчилигининг қиёфасини тиклашда муҳим ўрин тутган бўлиб, зиёратчиларга Соҳибқирон бунёд этган йирик иншоотларнинг тарихий кўринишини жонли тасаввур қилиш имконини яратади.

Амир Темур жасади олиб келинган ёғоч тобут

Арча ёғочидан ишланган ушбу тобут тарихий аҳамияти билан алоҳида эътиборга эга. Амир Темур қабри 1941 йилда очилганида тобут қабрдан олинади ва реставрация қилиниб, Самарқанд давлат музей қўриқхонасига топширилади ва узоқ муддатда музейда сақланди. Ҳозирда тобут Амир Темур мақбарасига олиб келиниб, махсус ҳимоя тизими билан жиҳозланди ва замонавий витринага ўрнатилди.

Шунингдек, мақбарага тарихий қўлёзма ва нашрлар намунаси ҳам олиб келинган. Жумладан, XIII асрга тегишли Мирзо Румининг “Темурнома” қўлёзмаси, Ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб ал-Мақдур фи Тарихи Темур” (1868), Сиеур де Саинcтёнънинг “Ҳистоире ду Гранд Тамерлан” (1678), А.В.Шчюсев томонидан чизилган “Гур Амир” (1905) альбомидан саҳифа кўргазмада намойиш қилинмоқда. Бу манбалар орқали Соҳибқирон шахсияти, сиёсий фаолияти ва жаҳон тарихидаги ўрнига оид маълумотлар илмий асосда ёритилиб, жамоатчиликка етказилади.

Мақбарага ташриф буюрувчилар бу ерда нафақат темурийлар даврининг бебаҳо тарихий мероси билан танишадилар, балки халқимиз ўтмишидаги энг ёрқин саҳифаларни қалбан ҳис қиладилар. Янгидан ташкил этилган витриналар, замонавий интерфаол тақдимотлар ва экспонатлар ҳар бир меҳмон учун мазмунли хотиралар қолдиради.

Давлат Камолиддинов,

Амир Темур мақбараси гид-тушунтирувчиси.