Етти устувор йўналиш — тараққиёт ва халқ фаровонлиги мезони

Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгилаб берилган етти устувор йўналиш мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида Самарқанд шаҳрида маърифат тарғиботчилари учун семинар-тренинг ўтказилди.

Тадбир вилоят ахборот-кутубхона марказида ташкил этилди. Унда пойтахтдан ташриф буюрган таниқли олимлар, маънавият ва маърифат тарғиботчилари иштирок этди.

Семинарда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти бошқарма бошлиғи Наим Ниязов ўқув машғулотининг мақсад ва аҳамияти ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бағишланган видеоролик намойиш этилди.

Ўқув-семинар давомида юртимизнинг тарихий тараққиёт йўли, миллий ўзлик, маънавий мерос, инсон қадри, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган имкониятлар, шунингдек, Президент маърузасида белгилаб берилган етти устувор йўналишнинг ўзаро боғлиқлиги ҳақида маърузалар тингланди.

Жумладан, юридик фанлар доктори, профессор Миродилжон Баратов “Уч минг йиллик илдиз ва Учинчи Ренессанс: тарихий ворислик, миллий ўзлик ва маънавий мерос” мавзусида маъруза қилди.
- Бугунги тараққиётимизни англаш учун, аввало, ўз тарихимиз ва маънавий меросимизни чуқур билишимиз керак, - дейди профессор. - Уч минг йиллик тарихимиз давомида юртимиздан дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган алломалар, мутафаккирлар ва давлат арбоблари етишиб чиққан. Уларнинг илмий ва маънавий мероси бугунги авлод учун катта мактабдир.

Учинчи Ренессанс ғояси ҳам ана шу тарихий ворисликнинг мантиқий давоми сифатида намоён бўлмоқда. Бу жараёнда билимли, юксак маънавиятли, эркин фикрлайдиган авлодни тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади.

Шу маънода, Президентимиз белгилаб берган устувор йўналишлар нафақат иқтисодий ва ижтимоий вазифаларни, балки инсон тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, жамиятда маънавий муҳитни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Маърифат тарғиботчиларининг вазифаси эса ана шу ғоя ва мақсадларни одамларга содда, тушунарли ҳамда таъсирчан тарзда етказиш, жамиятда ислоҳотларга дахлдорлик ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришдан иборат.
Семинарда, шунингдек, маърузачилар Жавдад Пўлатов ва Маҳфуза Йўлдошева Президент маърузасида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир якунида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган “Ўзбек келаётир” видеоклипи намойиш этилди.

Куннинг иккинчи ярмида семинар-тренинг Самарқанд давлат университетида давом этди. Унда лицей, техникум, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича масъуллари, шунингдек, давлат ташкилотларида маънавий-маърифий ишларга масъул ходимлар иштирок этди.

Мулоқотлар давомида Президент маърузасида белгилаб берилган вазифаларни таълим-тарбия жараёнига самарали татбиқ этиш, ёшларда ватанпарварлик, миллий ғурур ва дахлдорлик туйғуларини кучайтириш, маънавий-маърифий тарғибот ишларини замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Семинар-тренинг иштирокчилари учун бу каби мулоқот ва ўқув машғулотлари юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаш, уларни жамоатчиликка кенг ва таъсирчан тарзда етказишда муҳим аҳамият касб этади.

Тўлқин Сиддиқов.