Газ, свет, йўл ва... Андреа Бочелли
Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққуловнинг Самарқанд вилоятининг давлат идоралари ҳамкорлигида туризм соҳасига дахлдор вакиллари билан учрашуви оддий йиғинлардан фарқ қилди.
Аввалига маиший муаммолар арзи билан бошланган қизғин савол- жавоблар жиддий туризм лойиҳалари таклифлари билан қўр олди.
*Нега овқатланиш шохобчалари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз газ тармоғидан узиб қўйилади?
*Шаҳримиздаги гастрономик кўчада муносиб фаолият юритишимиз учун тадбиркорларга алоҳида трансформатор ўрнатишни иложи йўқми, харажатини ўзимиз кўтаришга тайёрмиз...
*Шаҳар кўчаларидаги тиланчи болалар, лўли элатига мансуб аҳолининг зиёрат ҳудудларида, сайёҳлар ортидан юриши ишимизга доғ тушираяпти.
Ҳар бир масала бўйича мутасаддиларнинг аниқ жавоблари билдирилди, уларни ҳал қилишда ҳамкорлик йўлга қўйилиши таъкидланди.
-Бир неча кундан бери Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини янада юқори босқичга кўтариш, янгидан янги туризм йўналишларини ташкил этиш бўйича манзилли ўрганишлар олиб борилди, -деди Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов. - Ушбу ўрганишлар натижасида бир нечта объектларнинг аниқ лойиҳалари ишлаб чиқилди. Лойиҳалар янада мукаммаллаштириб, туризм соҳасини ривожлантириш бўйича дастур ва қарорлар шаклида ўз ижросини топиш учун таклиф киритамиз. Хусусан, Булунғурдаги Шероз қалъани Амир Темур даврини акс эттирувчи очиқ томошагоҳ сифатида шакллантириш, Нурободда минерал сув ҳудудини курорт манзилга айлантириш ва бошқа кўплаб шундай манзиллар лойиҳа шаклига келтирилди.
Учрашувда тадбиркорлар Самарқандда ўтказилган машҳур Андреа Бочелли каби дунё таниган юлдузларнинг концерт бериши ортидан шаҳарга минглаб сайёҳлар келганини, шундай дастурлар давомли бўлишини айтиб ўтишди. Шунингдек, кейинги пайтларда ренткар тизими йўлга қўйилгани туфайли кўплаб саёҳлар машиналарни ижарага олиб, қўшни вилоятлар, дам олиш ҳудудларига бориш истагини билдираётганини таъкидлаб ўтишди. Афсуски, вилоятлараро йўлларнинг талабга жавоб бермаслиги, йўл бўйларида оддий эҳтиёжлар учун шароитлар йўқлигини айтиб ўтишди.
Мутасаддилар бу фикрларга ўз муносабатини билдириб, бу таклифлар албатта тегишли масъуллар билан муҳокама этилиши билдирилди.
Гулруҳ Мўминова,
Фазлиддин Рўзибоев (фото).