Энг муносиб аскарларга тавсияномалар берилади

Самарқанд вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар учун тест синовлари бошланди.

Тест синовлари республика Президентининг 2012 йил 3 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган “Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида ташкил этилмоқда.

Муддатли ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган тест саволларининг умумий сони 100 та бўлиб, уларнинг:

40 таси — жанговар тайёргарлик,

20 таси — маънавий-маърифий тайёргарлик,

10 таси — математика фани,

10 таси — физика фани бўйича тест саволларидан, шунингдек, қолган 20 таси  мантиқий тест саволларидан иборат.

Баҳолаш мезонларида ҳар бир тўғри жавоб учун:

жанговар тайёргарлик бўйича — 1,2 балл,

маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича — 1,1 балл,

математика бўйича — 1 балл,

физика бўйича — 1 балл,

Мантиқий саволлар бўйича — 1 балл берилади.

Муддатли ҳарбий хизматчиларга тест синови учун 3 соат вақт ажратилади.

Тест синовидан юқори балл тўплаб, тавсияномага эга бўлганлар республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра ўзлари тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга;

- республиканинг олий таълим муассасалари (олий ҳарбий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриатига ўқишга кириш учун олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Тавсияномага эга абитуриентлар учун алоҳида қабул квоталари берилади.

Алоҳида қабул кўрсаткичлари ҳар бир олий таълим муассасасининг бакалавриатига (ҳар бир таълим шакли (кундузги, кечки, сиртқи) бўйича) ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларининг 5 фоизи миқдорида белгиланади.

Самариддин Суюнов,

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти бўлими мутахассиси.