“Ўзбекистон–2030” ва Мурожаатнома: Ислоҳотлар, маънавият, тараққиёт ва келажак асоси

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган тадбир бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Мудофаа вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бошқарма бошлиғи Ҳотамжон Кетмонов ҳамда вилоятдаги зиёлилар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

“Ўзбекистон–2030” стратегияси фақат истиқболли режа эмас, балки ҳар бир соҳада аниқ натижага қаратилган амалий дастур эканлиги, уни амалга ошириш жамиятнинг барча қатламларидан фаоллик ва масъулият талаб этилиши таъкидланди. Ислоҳотларнинг моҳияти, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, сиёсат, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда белгиланган муҳим йўналишлар хусусида атрофлича фикр юритилди.

- Бугунги мураккаб геосиёсий шароитда миллий маънавиятни асраш, турли мафкуравий таҳдидларга қарши маънавий иммунитетни шакллантиришда зиёлиларнинг ўрни ва масъулияти ортиб бормоқда, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти катта илмий ходими, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори Шаҳло Аҳророва. — Давлат раҳбарининг Мурожаатномаси ва Хавфсизлик кенгаши йиғилишларида белгиланган устувор вазифалар ҳозирги таҳликали замонда халқ ва давлат ўртасидаги маънавий кўприк бўлган зиёлилар зиммасига катта масъулият юкламоқда. Бундай тадбирлар ислоҳотлар моҳиятини тушунтириш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида миллий ўзликни англаш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбир давомида ҳудудларда амалга оширилаётган йирик қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, чекка маҳаллаларгача инфратузилманинг етиб бораётгани, аҳолининг яшаш шароити яхшиланаётгани ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бошқарма бошлиғи Ҳотамжон Кетмонов маҳаллаларда “Обод кўча”, “Обод хонадон”, “Обод маҳалла” мезонлари асосида амалга оширилаётган ишлар Янги Ўзбекистон қиёфасини шакллантираётганини, аксарият ҳудудларда камбағаллик даражаси қисқариб, ажримлар, жиноятлар сони камайганини қайд этди.

Тадбирда ёшларни ташқи мафкуравий босимларга қарши матонатли бўлишга ўргатиш, уларда Янги Ўзбекистон Қуролли Кучларининг қудрати ва салоҳиятига нисбатан фахр туйғусини уйғотиш мақсадида вилоятда “Шижоат” ватанпарварлик лойиҳаси доирасида мамлакат тинчлиги ва барқарорлигини асрашда армия ва халқ якдиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Хусусан, ушбу лойиҳа доирасида Самарқанд шаҳридаги Марказий ҳарбий округ Маънавият ва маърифат марказида “Бир кунлик аскарлик” машғулотлари ҳамда “Ватан ҳимояси — муқаддас бурч” мавзусида маҳорат дарслари ташкил этилмоқда.