Чағатой обод маҳаллага айланди!
Самарқанд вилоятидаги 4 та маҳалла – Каттақўрғон туманидаги “Чўянчи”, Оқдарёдаги “Янгиқўрғон”, Паст Дарғомдаги “Олти қаҳрамон” ва Иштихондаги “Чағатой” маҳаллалари “Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла” дастурига киритилган эди. Бу маҳаллаларда амалга оширилиб келинаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари якунланди.
Хусусан, ушбу дастур асосида ободонлаштирилган Иштихон туманидаги Чағатой маҳалласида катта тадбир бўлиб ўтди. Унда "Нуроний" жамғармаси бошқаруви раиси С.Турдиев, республика ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят ва туман фаоллари ҳамда туман сектор раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги байрамига уланиб кетди ва “Конституция ҳафталиги” доирасида маҳаллада 15 та объект фойдаланишга топширилди. Хусусан, "Чағатой" маҳалла фуқаролар йиғини янги биноси, ҳудуддаги асфальт қилинган
Ноғорчи, Қизилқулоқ, Чағатой, Қўнғирот қишлоқларининг ички йўллари, маҳалла тиббиёт пункти, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази, дам олиш маскани, савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари, учта автобекат, "Шодлик" оилавий боғчаси фаолият бошлади.
Тадбир сўнгида ушбу дастур асосида амалга оширилган ишларда фаоллик кўрсатган қурувчи ва ишчи-ходимларга ташаккурнома ва совғалар берилди.