Самарқандда Ўзбекистон–Грузия биринчи туризм форуми иш бошлади
Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" халқаро туризм марказида Ўзбекистон–Грузия биринчи туризм форуми бўлиб ўтмоқда.
Форум очилишида Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Санжар Тожиев, Грузия туризм ассоциацияси раиси Наталие Квачантирадзе сўзга чиқиб, туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган мазкур форум Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги сайёҳлик алоқаларини мустаҳкамлаш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда сайёҳлар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
– Бугунги Ўзбекистон–Грузия биринчи туризм форуми Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2-3 июль кунлари Грузияга амалга оширган давлат ташрифи давомида эришилган муҳим келишувларининг давоми сифатида ўтказилмоқда, – дейди Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Санжар Тожиев. – Ташриф давомида икки давлат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим келишувларга эришилганди. Бугунги форум эса ушбу келишувларни амалиётга татбиқ этиш, янги ҳамкорлар топиш, қўшма тур маҳсулотлар ва янги сайёҳлик йўналишларини яратиш учун муҳим майдон бўлмоқда. Айниқса, маданий, зиёрат, гастрономик, экотуризм ва MICE туризми йўналишларида катта салоҳият мавжуд. Шунингдек, тўғридан-тўғри авиақатновларни ривожлантириш, туроператорлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ва медиа-турлар ташкил этиш орқали икки давлат ўртасида сайёҳлар оқимини кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Бу форум аниқ келишувлар ва амалий лойиҳаларга айланиб, Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги узоқ муддатли туризм ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқади.
Тадбирда икки мамлакатнинг туризм соҳаси мутасаддилари, туроператорлар, туристик компаниялар, меҳмонхона ва бошқа туризм индустрияси вакиллари иштирок этмоқда.
Форум доирасида Ўзбекистон ва Грузиянинг туризм соҳаси субъектлари ўртасида B2B учрашувлар ташкил этиляпти. Уларда туристик маҳсулотларни ўзаро тарғиб қилиш, янги сайёҳлик йўналишларини шакллантириш, туристик компаниялар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилиняпти.
Шунингдек, икки мамлакатнинг туристик салоҳиятини биргаликда тарғиб қилиш, янги туристик пакетлар ишлаб чиқиш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр ва таклифлар алмашилмоқда.