Нега ўзбекистонликлар хорижга интилмоқда?
Ёхуд ички туризм истиқболлари ҳақида айрим фикрлар
Сўнгги йилларда Ўзбекистон аҳолиси ўртасида хорижга саёҳат қилиш тренди кескин ўсиб бормоқда. Ҳар йили ёз мавсуми бошланиши билан ижтимоий тармоқларда бир хил баҳс-мунозаралар урчийди: “Нега Тошкент ёки Зоминга боришдан кўра Туркия ёки Мисрга бориш арзонроқ?”, “Бизда қачон хизмат кўрсатиш сифати нархга мос бўлади?”.
Бу шунчаки одамларнинг инжиқлиги эмас, балки жиддий иқтисодий ва ижтимоий феномендир. Хўш, аҳоли нега хорижни танлаяпти? Ички туризмдаги тизимли муаммолар нималардан иборат ва уларни қандай ҳал этиш мумкин?
Глобал тренд ва ўзимизнинг воқелик
Миллий статистика агентлиги ва туризм соҳаси таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг хорижга саёҳат қилиш географияси йилдан-йилга кенгайиб, оқим ҳажми каррасига ошмоқда. Агар илгари чет элга асосан юқори даромадли қатлам вакиллари борган бўлса, бугунги кунда ўрта қатлам ҳам БАА, Туркия, Миср, Вьетнам ва Таиланд каби давлатларда ҳордиқ чиқаришни одатий ҳол, деб билмоқда.
Иқтисодий таҳлилчи Шаҳзод Олимжонов фикрича, “Бугунги истеъмолчи жуда ақлли. У ўз пулининг ҳар бир сўмига яраша сифат талаб қилади. Тошкентдан Анталияга 7 кунлик тайёр тур (авиачипта, меҳмонхона, 3 маҳал овқат, трансфер ва суғурта) баъзан Тошкент вилоятидаги ёки Чорвоқдаги нуфузли дам олиш масканида 5 кун оилавий яшашдан арзонроққа тушмоқда. Бундай шароитда истеъмолчининг чет элни танлаши табиий иқтисодий танловдир”.
Дарҳақиқат, Ўзбекистондаги кўплаб дам олиш масканлари, меҳмонхоналар ва санаторийларда нархлар кўрсатилаётган хизмат даражасига умуман мос келмайди. Мисол учун, бир суткалик турар жой нархи ўртача 200 мингдан бир неча миллион сўмгача. Бу нарх ичига кўпинча фақат нонушта киради (ҳамма вақт ҳам эмас).
Иккинчидан, Ўзбекистон - денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бўлмаган, иккита давлат орқали чиқиладиган ноёб географик ҳудудда жойлашган. Иссиқ ёз ойларида аҳолининг денгиз соҳилига интилиши табиий физиологик ва психологик эҳтиёждир. Биздаги кўллар (Чорвоқ, Айдаркўл, Тўдакўл) эса маиший ва инфратузилмавий жиҳатдан ривожланган хорижий курортлар билан рақобатлаша олмайди.
Маҳаллий туризмнинг энг заиф нуқталаридан бири - бу транспорт тизими. Пойтахтдан Самарқанд, Бухоро ва Хивага қатнайдиган "Афросиёб" тезюрар поездига чипта топиш - ҳақиқий "миссия". Чипталар сотувга чиқиши билан бир неча дақиқада тугаб қолади, бу эса чипта бозоридаги чайқовчилик ва тизимли муаммолардан далолат беради.
Авиациямизда эса ички авиарейслар сони кам ва нархлар маҳаллий аҳоли даромадига нисбатан анча юқори. Тоғли ва рекреацион ҳудудларга олиб борувчи йўлларнинг сифати, тирбандликлар ва йўл бўйидаги санитария-гигиена шохобчаларининг (ҳожатхоналар, овқатланиш жойлари) қониқарсиз ҳолати сайёҳларни бездиради.
Муаммонинг илдизи қаерда?
Тўғри, ўзим хорижда бўлмаганман ва ҳамюртларимизнинг аксарида бундай имконият ҳали йўқлигини ҳам биламан. Аммо имконияти борлар нима учун хорижда дам олишни режалаштириши билан қизиққанмисиз?
Бунда биринчи навбатда оммабоп йўналишлар уларни ўзига оҳанрабодек тортишини мисол қилиш мумкин. Гап шундаки, Туркия ёки Мисрда харидор “ҳаммаси ичида” тизими орқали пул тўлайди ва қайтиб ҳамёнини очиш ҳақида ўйламайди. Болалар учун аниматорлар, аквапарклар, турли давлатлар таомлари - барчаси тизимли йўлга қўйилган...
- Хорижда туризм индустрияси ўнлаб йиллар давомида шаклланган ва у ерда жуда кучли рақобат бор, - дейди халқаро туроператор раҳбари Умид Раҳимов. - Масалан, Анталияда юзлаб беш юлдузли меҳмонхоналар мижоз учун курашади. Бизда эса сифатли дам олиш масканлари бармоқ билан санарли. Талаб таклифдан бир неча баробар юқори. Маҳаллий тадбиркор меҳмонхонасига юқори нарх қўйса ҳам, мавсумда барибир одам келишини билади. Рақобат йўқ жойда эса сифат ўсмайди ва нарх тушмайди.
Гарчи охирги йилларда авиация бозори очилиб, лоукостерлар кириб келаётган бўлса-да, ички йўналишларда ва яқин хорижга парвозларда ҳали ҳам рақобат етарли эмас. Чет элга чартер рейсларнинг кўпайиши хорижга турларни арзонлаштирди, лекин мамлакат ичидаги транспорт ҳали ҳам қиммат ва ноқулай.
Ички туризмни жозибадор қилиш мумкинми?
Албатта, аҳолининг хорижга интилишини мажбурий тақиқлар ёки сунъий тўсиқлар билан тўхтатиб бўлмайди. Бунинг ягона йўли ички бозорда рақобатбардош муҳит яратиш ва маҳаллий туризм жозибадорлигини оширишдир.
Тан олиш керак, бу борада дастлабки қадамлар ташланмоқда. Оддий мисол, тиббий туризм қўшниларимизга нисбатан бизда ривожланяпти, деган тахминлар бор. Аммо мутлақ етакчиликка эришганимиз йўқ. Қолаверса, ҳали катта маблағ эвазига чет элда даволанишга кетаётганлар ҳам кескин камайгани йўқ.
Бунда, табиийки, таклиф қанча кўп бўлса, нархлар шунчалик пасаяди ва хизмат кўрсатувчилар сифат устида ишлашга мажбур бўлади. Бунинг учун хизмат кўрсатувчиларга реал солиқ имтиёзларини янада кенгайтириш лозим.
Шунингдек, нима учундир маҳаллий дам олиш масканлари, даволаниш муассасаларида хориж тажрибаси қўлланилмайди. Оқибатда истеъмолчи овқат, кўнгилочар дастур, яшаш ва бошқа харажатларини алоҳида ҳисоблаб юришдан чарчайди. Юртимизда якка, оилавий ёки кичик гуруҳлар учун ҳам тайёр пакетли хизматларни йўлга қўйиш вақти келди, бизнингча.
Тўғри, бу ҳукумат даражасида ҳал қилинадиган, лекин амалга оширилиши шарт бўлган вазифа - темир йўл чипталари сотувини тўлиқ рақамлаштириш ва шаффофликни таъминлаш, йўналишга қўшимча хусусий поездларни жалб қилиш. Бундан ташқари, маҳаллий авиакомпаниялар ўртасида реал рақобатни шакллантириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш ҳам фақат фойда келтириши шубҳасиз.
Аслида, ўзбекистонликларнинг ҳамон хорижни танлаётгани — бу маҳаллий туризм индустрияси учун жиддий огоҳлантириш. Истеъмолчи ўз пулини сифатли хизмат, хотиржамлик ва янги таассуротлар учун сарфлашни хоҳлайди. Қачонки мамлакатимиздаги ички туризм объектлари нарх ва сифат мутаносиблиги бўйича хорижий муқобиллар билан рақобатлаша олсагина, оқим ичкарига бурилади. Бунинг учун эса фақатгина чиройли шиорлар эмас, балки чуқур таркибий ислоҳотлар, эркин рақобат ва инфратузилмага киритиладиган йирик инвестициялар талаб этилади.
Сизнинг фикрингиз қандай? Кейинги таътилингиз учун Ўзбекистон ҳудудларини танлаган бўлармидингиз ёки хорижни? Маҳаллий дам олиш масканларида сизни энг кўп қайси жиҳат қониқтирмайди?
Ёқубжон Марқаев.