Кун мавзуси: Дафтарнинг нархи қанча?

Умумий ўрта таълим мактабларида янги 2026-2027 ўқув йили бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Айни кунларда барча ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар фарзандларига ўқув жиҳозлари ва қуролларини олиб бериш билан банд. Жойларда мактаб ярмаркалари ташкил этилмоқда.

Бу соҳадаги хусусий тадбиркорларнинг бозори авжида. Айниқса, идора ашёлари савдосига ихтисослашган ишбилармонларнинг қўли қўлига, оёғи ерга тегмайди. Чунки харидорлар ўқув жиҳозларини савдолашмасдан оладилар. Уларнинг кети эрта тонгдан кеч – қуёш ботганига қадар узилмайди…

Ёзув дафтари мактаб ўқувчиси учун энг муҳим ўқув қуроли ҳисобланади. Ахир ҳар бир фан бўйича ёзув дафтари юритилади-да. Шу боис ёзув дафтарининг савдоси анча чаққон.
Набирамга дафтар харид қилиш учун савдо дўконларини айландим. Муқовалари турли расмлар билан безатилган дафтарларни кўриб, кўзларим қувониб кетди. Аммо дафтарларнинг баҳоси кўнглимни хижил қилди. Самарқанд шаҳар Мир Саид Барака кўчасида жойлашган йирик савдо мажмуасида ўзимизда ишлаб чиқарилган 1 дона варақли йўл-йўл ёзув дафтарининг нархи 390 сўм, катаклисиники икки баробар қиммат, 18 варақлисининг баҳоси 6990 сўм, озгина варақ қўшилган дафтарларнинг қиймати 14000 сўмдан 20000 сўмгача қилиб белгиланган. Россияда ишлаб чиқарилган география фани учун мўлжалланган дафтарнинг баҳоси 40990 сўм эканлиги қайд этилган.

Самарқанд шаҳри марказида фаолият юритаётган собиқ «Ўзкитоб» дўкони ва Почта кўчасидаги бошқа қатор идора ашёлари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик шаклларининг барчасида дафтарнинг нархи шу йил июнь ойидагига қараганда икки марта кўтарилган.
Тўғри, тадбиркор харидорларнинг талабларини инобатга олган ҳолда сотувдаги мол-маҳсулотларга баҳосини қўяди. Айни пайтда дафтар сўраб келувчилар сони бир неча ўн баробарга ошган. Бу жажжи болажонлар учун мўлжалланган дафтарнинг ҳам баҳосини ушбу талабга қиёсан кўтариб юбориш керак, дегани эмас-ку!

Янги ўқув йили бошланиши арафасида ота-оналар фарзандларига ўқув қуроллари ва жиҳозларини харид қилишади, албатта. Баъзи оилаларда 4-5 тадан бола мактабга боришидан келиб чиқсак, ота-оналар биргина дафтар олишга каттагина сармоя сарфлашларига тўғри келади. Фарзандни мактабга тайёрлаш учун қанчадан-қанча кийим-кечак (мактаб формаси, спорт формаси) ва бошқа ўқув қуролларини сотиб олишга тўғри келади. Шу боис тадбиркорларимиз дафтарларнинг нархини адолатли ва ҳамма учун қулай қилиб қўйсалар, яхши бўлар эди.

Йўлдош Суюнов,
меҳнат фахрийси.