Самарқанд байрам кунларининг энг гавжум манзилига айланди
Қурбон ҳайити муносабати билан эълон қилинган беш кунлик дам олиш кунлари юртдошларимиз учун нафақат мазмунли ҳордиқ чиқариш, балки мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишиш имконини ҳам яратди.
Ана шу имкониятдан самарали фойдаланган минглаб фуқаролар оила аъзолари билан Самарқанд шаҳрига саёҳат қилиб, муқаддас қадамжолар ва тарихий обидаларни зиёрат қилди. Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида яшовчи тадбиркор Мансур Аҳмедов оиласи билан ана шундай саёҳатга чиққан юртдошларимиздан бири.
- Ўзим тадбиркорман, рафиқам давлат ташкилотида меҳнат қилади, - дейди у. - Фарзандларим мактабда таҳсил олади. Бугун эрталаб оиламиз билан шахсий автомобилимизда Самарқандга келдик. Соат 10 дан буён шаҳарнинг тарихий қадамжолари, музейлари ва диққатга сазовор масканларини айланяпмиз. Ростини айтсам, бу ерга аввалроқ келмаганимга афсусландим. Айниқса, фарзандлар билан бирга тарихий обидаларни кўриш, уларга аждодларимиз мероси ҳақида ҳикоя қилиш инсонга ўзгача завқ бағишлар экан. Бу саёҳат фарзандларимизнинг тарихга қизиқишини янада оширди. Бугун тушдан кейин Нурота ва Бухорога йўл оламиз.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани, Араббанди маҳалласида яшовчи Ғолиббек Очилов ҳам байрам таътилидан унумли фойдаланганини айтади:
— Кўпдан буён оиламиз билан Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига саёҳат қилишни режалаштираётгандик. Аммо иш билан банд бўлганимиз учун имконият тополмаётган эдик. Қурбон ҳайити муносабати билан беш кунлик дам олиш кунлари эълон қилингани биз учун айни муддао бўлди. Ҳайитнинг иккинчи куни Хива шаҳрига йўл олдик. Кейин Бухорода бўлдик. Бугун эса дастлаб Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилдик. Ҳозир Самарқанднинг машҳур қадамжолари — Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Хўжа Ҳизр мажмуаси ва Шоҳи Зинда зиёратгоҳларини томоша қиляпмиз. Бу муқаддас масканларда бўлиш одамга руҳий куч ва хотиржамлик бағишлар экан. Зиёратдан кейин ўзимни енгил ва тетик ҳис қиляпман. Насиб қилса, келгуси байрам таътилларида ҳам бу табаррук шаҳарга яна келамиз.
Самарқанд нафақат мамлакатимиз фуқароларини, балки хорижлик меҳмонларни ҳам ўзига жалб этаётгани диққатга сазовор. Қўшни давлатлардан келаётган сайёҳлар сони ҳам йил сайин ортиб бормоқда.

Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳридаги Ўзбек миллий-маданий маркази раиси Абдураҳим Кошкаровнинг таъкидлашича, кейинги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада оширган.
- Биз Туркистон шаҳридан келдик. Шаҳримизда кўплаб ўзбеклар истиқомат қилади. Шу билан бирга қозоқ қардошларимиз ҳам Ўзбекистонга саёҳат қилишга катта қизиқиш билдирмоқда, - дейди Абдураҳим ака. - Чунки кейинги йилларда мамлакатингизда туризм инфратузилмаси сезиларли даражада ривожланди, зиёрат ва маданий туризм учун кенг имкониятлар яратилди. Шу боис ўзбек маданияти марказига аъзо йигирма нафарга яқин туркистонликлар билан икки кундан буён Самарқанддамиз. Саёҳатимизни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мангу қўним топган мажмуани зиёрат қилишдан бошладик. У ерда юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги учун дуолар қилдик. Кейинчалик Шоҳи Зинда мажмуаси, Бибихоним масжиди, Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, шунингдек, замонавий иншоотлар, бозорлар ва маданий-маърифий жойларда бўлдик. Самарқанднинг қадимий тарихи ва замонавий қиёфаси ҳар қандай меҳмонда катта таассурот қолдиради, десам хато қилмаган бўламан, - дейди Абдураҳим Кошкаров.
Байрам кунларида Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва маданий мерос объектларида маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар оқими сезиларли даражада ортди. Бу эса мамлакатимизда ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун яратилаётган шароитлар ўзининг амалий натижасини бераётганидан далолатдир. Самарқанднинг бетакрор тарихи, бой маънавий мероси ва меҳмондўст муҳити эса ҳар бир меҳмон қалбида унутилмас таассурот қолдирмоқда.