Туризм тартибдан бошланади: Малайзия тажрибаси ва Самарқанд учун сабоқлар

Сафар баъзан инсонга кутгандан кўра кўпроқ нарса беради. Янги манзиллар, янги одамлар, янги таассуротлар… Лекин энг муҳими — янги фикр. Малайзияга қилган сафарим давомида айнан шуни англадим: туризм бу фақат сайёҳни жалб қилиш эмас, балки унга хавфсиз, қулай ва хотиржам муҳит яратиш экан.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган стажировка дастури доирасида биз турли олий таълим муассасаларидан саралаб олинган профессор-ўқитувчилар Малайзиянинг нуфузли Султон Идрис университетида малака ошириш имконига эга бўлдик. Бу сафар олдидан барчамизни бир савол ўйлантирарди: “Биз бу ердан нимани ўрганамиз?”

Куала-Лумпурдаги илк кунларданоқ бир ҳақиқат кўзга ташланди: бу ерда ҳамма нарса қулай ва тартибли экан. Жамоат транспортида аниқ йўналишлар, бекатларда тушунарли кўрсаткичлар, одамларнинг навбат кутиши — буларнинг барчаси сайёҳ учун беқиёс енгиллик яратади. Ҳеч ким шошилмайди, ҳеч ким бошқани безовта қилмайди. Бу ерда ҳатто оддий ҳаракатлар ҳам умумий маданиятнинг бир қисмига айланган.

Пенангда эса туризмнинг яна бир муҳим жиҳати инсон омили намоён бўлди. Маҳаллий йўриқчилар фақат жой кўрсатиш билан чекланмайди. Улар тарихни чуқур билади, меҳмон билан мулоқот қила олади, хавфсизликни таъминлайди. Яъни сайёҳ учун бутун бир таассуротни айнан инсон яратади.

Панкор ороли менда алоҳида таассурот қолдирди. Бу ерда туризм ва табиатни асраш бир-бирига қарши эмас, балки уйғун ҳолда ривожланган. Тозалик шунчаки шиор эмас, балки ҳаёт тарзига айланган. Ҳар бир инсон ўз чиқиндиси учун жавобгар.

Сафар давомида малайзияликларнинг самимийлиги ҳам кўнглимизни кўтарди. Улар Ўзбекистон ҳақида эшитганда Самарқанд ва Бухорони эслаб, қизиқиш билан суҳбатга киришишди.

Стажировка давомида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев билан бўлиб ўтган учрашув эса бу тажрибаларни янада амалий йўналишга бурди. Суҳбатда туризм, айниқса зиёрат туризмини ривожлантириш, малайзиялик сайёҳларни юртимизга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Туризмни фақат тарихий обидалар ёки гўзал табиат билан ривожлантириб бўлмайди. Унга тартиб, юқори хизмат сифатини ҳам қўшиш керак экан.

Масалан, агар Самарқанд вилоятининг Ургут, Оҳалик, Миронқул ёки Зарафшон каби ҳудудларида тайёр туристик маршрутлар, тушунарли кўрсаткичлар ва тартибли хизматлар йўлга қўйилса, бу нафақат сайёҳлар оқимини оширади, балки маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринларини ҳам яратади.

Йўриқчилар масаласи ҳам жуда муҳим. Сайёҳнинг бутун таассуроти кўп ҳолларда айнан гидга боғлиқ. Шунинг учун тарихни биладиган, мулоқот қила оладиган ва меҳмонни қизиқтира оладиган мутахассисларни тайёрлаш бугунги кун талабидир.

Экология масаласи эса умуман четда қолмаслиги керак. Агар туристик ҳудудларда тозалик ва чиқинди назорати таъминланса, бу жойлар ўз жозибасини йиллар давомида сақлаб қолади.

Зиёрат туризми бўйича ҳам имкониятлар катта. Имом Бухорий мажмуаси ва бошқа муқаддас масканлар атрофида мусулмон сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш орқали бу йўналишни янги босқичга олиб чиқиш мумкин.

Малайзия тажрибаси биз учун фақат кузатиш эмас, у амалий йўл харитаси бўлди. Ушбу тажриба орқали янги туристик йўналишлар очиш, хизмат сифатини ошириш ва юртимизнинг жаҳон туристик харитасидаги ўрнини мустаҳкамлаш мумкин.

Чунки туризм бу фақат саёҳат эмас. У маданият, муносабат ва масъулиятдир.

Малика Мардонова,

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти кафедра ассистенти.