Самарқанд — Марказий Осиёнинг янги машинасозлик хаби бўлади(ми?)
Ўзбекистон саноат харитасида янги гигант пайдо бўлмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 20 апрелдаги қарори билан Каттақўрғон туманида улкан Машинасозлик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Бу лойиҳа нафақат вилоят иқтисодиётини, балки юртимиздаги автомобилсозлик қиёфасини бутунлай ўзгартириб юбориши кутилмоқда.
Нега айнан Самарқанд ва нега айнан машинасозлик?
Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида хомашё экспорт қилишдан тайёр юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтиш стратегияси устувор вазифага айланди. Вилоятимиз ўзининг географик жойлашуви, логистика имкониятлари ва меҳнат ресурслари билан бундай йирик кластер учун энг қулай ҳудуд сифатида танланди. Қарорга мувофиқ, 2030 йилга бориб вилоят саноатида машинасозлик тармоғининг улуши 15 фоизга, қўшилган қиймат миқдори эса 40 фоизга етиши керак.
Бу рақамлар шунчаки статистика эмас, балки минглаб оилаларнинг даромади ва мамлакатнинг технологик мустақиллиги демакдир. Каттақўрғонда 100 гектарлик саноат шаҳарчаси Янги саноат зонаси учун туманнинг «Янгиҳаёт» массивидан 100 гектар ер майдони ажратилди. Илгари лалми ва яйлов бўлган бу ерлар эндиликда замонавий завод, юқори технологияли цех ва логистика марказларига айланади. Саноат зонасининг ўзига хос жиҳати шундаки, у ерда фақат маълум тоифадаги транспорт воситалари ишлаб чиқарилади: N тоифа- юк ташувчи автомобиллар; M2 ва M3 тоифа - автобус ва микроавтобуслар; L тоифа - мототранспорт воситалари; O тоифа - тиркама ва ярим тиркамалар.
Рақамлар гапирганда ...
Лойиҳанинг кўлами кишини ҳайратга солади. Дастлабки босқичнинг ўзидаёқ хорижий ҳамкорлар билан биргаликда 116 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 5 та йирик инвестиция лойиҳаси тасдиқланган.
Унга кўра, фақат 2028 йилнинг ўзида 50 минг дона мототранспорт ва болалар аравачалари ишлаб чиқарилади.
Шунча миқдордаги осма ва тиркама техникалар тайёрланади.
2029 йилда 5000 минг дона гидравлика ускуналари, 2029-2031 йилларда 10 минг дона тижорат транспорт воситаларини тайёрлаш йўлга қўйилади.
Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида 2 мингдан ортиқ юқори даромадли иш ўринлари яратилади. Бу Каттақўрғон ва атроф туманлардаги ёшлар учун ўз уйида туриб, замонавий технологияларни бошқариш ва юқори маош олиш имкониятидир.
Биз фақат йиғмаймиз, ишлаб чиқарамиз!
Кўпчиликни бир савол қийнайди: "Биз фақат четдан келган қисмларни бирлаштирамизми?". Қарорда бунга аниқ жавоб берилган.
Жумладан, саноат кооперацияси асосида маҳаллийлаштириш даражасини ошириш орқали йиллик «маҳаллий контент» ҳажми 100 миллион долларга етказилади. Яъни, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларнинг салмоқли қисми айнан шу ерда ишлаб чиқарилади.
Дарвоқе, маҳсулотлар нафақат ички бозор, балки Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари бозорларини ҳам эгаллаши мақсад қилинган. "Made in Uzbekistan" бренди остидаги оғир техникалар минтақа йўлларида етакчилик қилиши учун барча ҳуқуқий ва иқтисодий асослар яратилди.
Албатта, бундай катта қувватни ишлатиш учун кучли энергия, йўл ва мутахассис керак. Қарорда бу масалалар ҳам тизимли ҳал этилган.
Масалан, 2026-2027 йилларда ҳудудга янги электр тармоқлари, газ, сув ва энг муҳими — темир йўл тармоқлари тортилади.
Иш ўринларининг камида 5 фоизи дуал таълим (назария ва амалиёт уйғунлиги) асосида ташкил этилади. Ёшлар заводнинг ўзида ўқиб, ўша ерда ишлашни бошлайди. Камида 3 йиллик кадрлар тайёрлаш дастури амалга оширилади.
Замон билан ҳамнафас бўлиш мақсадида, ишлаб чиқариладиган 10 минг дона техника ичида электрда ҳаракатланувчи транспорт воситаларига алоҳида урғу берилган. Бу Самарқанднинг экологик тоза ҳудуд бўлиб қолишига ва жаҳон трендларидан ортда қолмаслигимизга хизмат қилади.
Айтиш мумкинки, машинасозлик саноат зонаси шунчаки заводлар йиғиндиси эмас.
Бу — Ўзбекистоннинг саноат мустақиллиги йўлидаги улкан қадами, янги технологиялар мактаби ва минглаб юртдошларимиз учун фаровон ҳаёт манбаидир. 2028-2030 йиллар оралиғида Каттақўрғон даштларида қад ростлайдиган бу саноат гиганти Самарқандни нафақат туризм маркази, балки минтақанинг машинасозлик юрагига айлантириши шубҳасиз.
Лойиҳани амалга ошириш жараёни қатъий назоратга олинган бўлиб, ҳар ярим йилда Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериб борилади. Бу эса белгиланган мақсадларга вақтида ва сифатли эришилишининг кафолатидир.
Ё.Марқаев тайёрлади.