Шартнома  шартлари томонлардан жавобгарлик ва масъулият талаб этади

Инсон ҳавосиз, сувсиз, оч ҳолда яшай олмаганидек, қонун устувор бўлмаган жойда ҳам тинч ва бехавотир умр кечиролмайди. Гап қонун устуворлиги ҳақида кетар экан, иккита масъулияти чекланган жамият ўртасида узоқ давом этган тортишувдан сўнг суднинг ҳал қилув қарори билан ҳақиқат юз очгани, адолат қарор топгани, низога барҳам берилгани тўғрисидаги ҳаётий мисолни жамоатчилик эътиборига ҳавола этишни лозим топдик.

Даъвогар – “Боғ кўчатлари” (юридик номлар ва исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳамда жавобгар – “Обод бунёдкор” масъулияти чекланган жамиятлари ўртасида шартномада назарда тутилган қарздорлик юзасидан келишмовчилик келиб чиқади. Бунинг сабаби “Боғ кўчатлари” масъулияти чекланган жамияти шартномага кўра, “Обод бунёдкор” тузилмасига турли дарахт кўчатлари ва манзарали буталар етказиб берган. Бироқ жавобгар тўловни тўлиқ амалга оширмаган.

Тўғри, қарзни тўлаб бериш юзасидан даъвогар жавобгарга талабнома билан мурожаат қилган. Аммо ҳамкор масъулияти чекланган жамият томонидан талабнома эътиборсиз қолдирилган. Шу боис, “Боғ кўчатлари” масъулияти чекланган жамият судга мурожаат қилиб, 845 миллион 440 сўм қарздорликни жавобгардан ундириб беришни сўраган.

Суд мажлисида даъвогар вакили, адвокат С.Мирёқубов даъво талабини қувватлаб, суддан даъво аризасини тўлиқ қаноатлантиришни сўради.

Жавобгар вакили С.Қобилов эса даъво талабига эътироз билдирди.

Ҳақиқатан ҳам, даъвогар томонидан дарахт кўчатлари етказиб берилган.

Аммо дарахтлар ўз вақтида парвариш қилинмаганлиги сабабли уларнинг айримлари қуриб қолган.

Қуриб қолган дарахт кўчатлари ўрнига “Ш. Ш. Ш.” масъулияти чекланган жамиятдан қўшимча кўчатлар сотиб олинган ва ўтқазилган. Қисқаси, жавобгар вакили аслида даъвогарнинг ўзи жавобгар олдида қарздор эканлигини айтиб, даъво аризасини рад қилишни сўради.

Бинобарин, тарафлар ўртасида 2023 йил 5 октябрда шартнома тузилган.

Унга кўра, “Боғ кўчатлари” масъулияти чекланган жамият 1 миллиард 793 миллион 203 минг 31 сўмлик дарахт кўчати ва манзарали буталар етказиб бериш, “Обод бунёдкор” масъулияти чекланган жамият эса ушбу товарларни қабул қилиб олиш ва унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.

Шартноманинг 2.2-бандида сотиб олинадиган товар учун тўлов миқдори 100 фоизни ташкил қилиши, 2.3-бандида эса, тўлов нақд пулсиз шаклда, пул кўчириш йўли билан амалга оширилиши белгиланган.

Суд даъвогар ва жавобгар вакилларининг тушунтиришлари ҳамда иш ҳужжатларидан келиб чиқиб, даъво аризасини қисман қаноатлантириш лозим, деган тўхтамга келди.

Бунинг сабаби шундаки, даъвогар жавобгарга 1 миллиард 802 миллион 895 минг 997 сўмлик кўчат ва манзарали буталар етказиб берган.

Буюртмачи “Обод бунёдкор” масъулияти чекланган жамият уларни қабул қилиб олган ва товарлар учун 1 миллиард 600 миллион 66 минг 816 сўм пул кўчириб берган. Натижада 202 миллион 899 минг 181 сўмлик қарздорлик келиб чиққан.

Юқорида қайд этилганлардан кўринадики, жавобгар олинган товарлар ҳақини тўлиқ тўламаган. Шу сабабли, суд даъво талабининг шу қисмини асосли ҳисоблаб, жавобгардан ундиришни, даъвонинг қолган 642 миллион 111 минг 259 сўм қисми асоссиз бўлгани учун қаноатлантиришни рад этишни лозим топди.

Судда жавобгар вакили эътироз билдириб, даъвогар етказиб берган кўчатлар ўз вақтида парвариш қилинмаганлиги оқибатида уларнинг айримлари қуриб қолганлиги, дарахтларни парваришлаш даъвогарнинг мажбурияти эканлиги, бундан ташқари қуриб қолган кўчатлар ўрнига “Ш. Ш. Ш.” масъулияти чекланган жамиятдан қўшимча кўчатлар сотиб олгани, аслида, даъвогарнинг ўзи жавобгар олдида қарздорлигини важ қилиб келтирди.

Суд ушбу важлар билан келишиб бўлмайди, деган хулосага келди. Тўғри, шартноманинг 5.8-бандида етказиб берилган, ўтқазилган дарахт ва гул кўчатлари бир йил давомида ўз кўринишини йўқотса ёки қуриб қолса, етказиб берувчи томонидан қопланиши кўрсатилган. Лекин шартномада экилган дарахтларни парвариш қилиш сотувчининг мажбурияти эканлиги назарда тутилмаган.

Қолаверса, масаланинг яна бир жиҳати ҳам бор. Аниқроқ айтганда, “Боғ кўчатлари” масъулияти чекланган жамият томонидан дарахт ва гул кўчатларининг охиргиси жавобгар тарафга 2025 йилнинг 8 апрель куни етказиб берилган. Орадан бир йил ўтиб кетган бўлса-да, жавобгар дарахт кўчатларининг айримлари қуриб қолганлигини айтиб, уларнинг қийматини қоплаб бериш ҳақида даъвогарга оғзаки ёки ёзма мурожаат қилмаган. Бу билан жавобгар сотиб олинган ва экилган дарахтларнинг келгусида униб-ўсиши бўйича юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар таваккалчилигини ўз зиммасига олган.

Иқтисодий процессуал кодексининг 68-моддаси талабига биноан, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Жавобгар тараф “Ш. Ш. Ш.” масъулияти чекланган жамиятдан қўшимча равишда дарахт ва гул кўчатлари сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни судга тақдим этса-да, уларнинг айнан қайси қуриган дарахтлар ўрнига экилганлигини асосли далиллар билан исботлай олмади.

Шундай қилиб, суд шартнома қонунчилиги талабларига асосланиб, даъвогарнинг даъво аризасини қисман қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилди. “Обод бунёдкор” масъулияти чекланган жамият ҳисобидан “Боғ кўчатлари” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 202 миллион 889 минг 181 сўм қарздорлик, 4 миллион 57 минг 783 сўм давлат божи ва 37 минг 500 сўм почта харажати ундирилди.

Иқтисодий муносабатларда шартнома шартларига қатъий риоя этиш ва мажбуриятларни ўз вақтида бажариш муҳим аҳамиятга эга. Суд томонидан иш ҳолатларига ҳар томонлама ҳуқуқий баҳо берилиб, тарафларнинг далиллари асосида адолатли қарор қабул қилинди.

Натижада қонун устуворлиги таъминланиб, ҳақиқат қарор топди ҳамда низога ҳуқуқий ечим берилди.

Ислом Ҳамроқулов,

Самарқанд туманлараро иқтисодий суди раиси.