«Ички туризм ярмаркаси»: Самарқанддаги сайёҳлик фирмалари имкониятларини намойиш этди
Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуасида «Ички туризм ярмаркаси» ташкил этилди.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида ўтказилган ярмаркада сайёҳлик фирмалари, туризм соҳасида фаолият юритувчи туроператорлар, турагентлар, жойлаштириш воситалари (меҳмонхона, ҳостел, меҳмон уйи) вакиллари ички туризм бўйича имкониятларини намойиш этди.
– Йилига 60 минг нафар маҳаллий ва хорижлик саёҳатчиларни юртимизнинг гўзал манзара ва масканлари билан таништирамиз, – дейди “BO’STON TRAVEL” туристик компанияси сотув бўлими иш бошқарувчиси Шаҳло Умарова. – Компаниямиз сайёҳлик, транспорт туризми, меҳмонхона, хориж мамлакатларига сайёҳатлар ташкил этиш йўналишларида фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, хорижда юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш қилиб, Қозоғистон, Туркия, Саудия Арабистони давлатлари билан сайёҳларни юртимизга жалб қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга эришдик. Бугунги ярмаркада ҳам йирик сайёҳлик фирмалар билан янги йўналишларни ташкил этиш борасида келишиб олдик.
Ярмарка доирасида самарқандлик ҳунармандлар томонидан тайёрланган миллий маҳсулотлар кўргазмаси, миллий либослар тақдимоти намойиш этилди.