Анталиянинг яширин хазиналари ҳақида эшитганмисиз?

Турк Ривиерасининг гўзал шаҳри - Анталия ўзининг илиқ ҳарорати, бетакрор соҳиллари, қадимий шаҳарлари ва дам олиш масканлари билан машҳур. Шунингдек, бу ерда кишини ҳайратда қолдирадиган хазиналари ҳам бор.

Ормана қишлоғи: энг яхши халқ меъморчилиги намуналари

Торос тоғлари этагидаги эски “Yörük” (кўчманчи) қишлоғи - Орманани Анталиянинг яширин марвариди, дейиш мумкин. БМТ туризми томонидан “2024 йилнинг энг яхши сайёҳлик қишлоқлари” рўйхатида эътироф этилган бу кичик қишлоқ ўзининг ям-яшил ландшафтлари ва ўзига хос муҳити билан жаннатнинг бир парчасидир. Ормана ҳақиқий турк қишлоқ ҳаётини акс эттирувчи ноёб жой. Қишлоқ ўзининг тугмали уйлари билан машҳур бўлиб, улар ҳеч қандай оҳаксиз фақат тош ва садр ёғочлари ёрдамида қурилган. Қишлоқда 60 йилдан буён ҳар сентябрь ойида “Чавуш” навли узумни нишонлаш учун фестиваль ўтказилади.

Олтинбешик ғори: геологик мўъжиза

Урунлу қишлоғида жойлашган Олтинбешик ғори Анталиянинг тенгсиз табиат мўъжизаларидан бири. Олтинбешик миллий боғининг бир қисми бўлган ушбу ғорда Туркиянинг энг катта ер ости кўли жойлашган бўлиб, унда кўзни қамаштирувчи сталактитлар, сталагмитлар ва музли травертинлар мавжуд. Шунингдек, ғор атрофида 605 турдаги ўсимлик турлари ҳамда бой ёввойи табиат, жумладан, эндемик турларга эга бўлган Миллий боғ бор.

Химера: фантастик табиат ҳодисаси

Энг қизиқарли табиат ҳодисаларидан бири бўлган оловли қоялар жойлашган Химерада ердан чиқадиган метан гази атмосферага аралашиб, ҳеч қачон ўчмайдиган алангага айланган. Бу ердаги қоялар Олимпос Бейдағлари миллий боғининг бир қисмидир. Афсонага кўра, қаҳрамон Беллерофонт ўзининг қанотли оти Пегас ёрдамида оловли, уч бошли йиртқич ҳайвон Химерани ўлдирган ва уни тошга айлантирган. Шу сабабли, Химеранинг абадий алангаси бу йиртқич ҳайвон оловининг қолдиқлари эканлиги ҳақида афсоналар айтилади.

Учансу шаршаралари: Сент-Пол йўлидаги яширин воҳа

Анталиянинг машҳур ҳашаматли гольф ўйнаш жойи Белекдан 60 километр узоқликда жойлашган Учансу шаршаралари ҳам яширин хазиналардан биридир. Торос тоғидан келаётган сув икки шаршарага бўлиниб, ҳар бири 25-30 метр баландликдан кўкаламзор ерларга қуйилади. Бу ерда Қирол ҳовузи деб номланувчи кичикроқ табиий ҳовуз ҳам бор. Учансу шаршаралари Туркиянинг иккинчи энг узун пиёда йўли бўлган Санкт-Пол йўлининг бир қисмидир. Илк насронийликнинг етакчи миссионерларидан бири Авлиё Павлуснинг изидан борадиган йўл бу ерга борувчиларга қадимий харобалар, анъанавий қишлоқлар ва қўл тегмаган табиий муҳитни ўрганиш имкониятини беради.

Зилола тайёрлади.