Истанбул ва Анталия дунёнинг энг кўп сайёҳларини қабул қиладиган шаҳарлар қаторида

Euromonitor International “Top 100 City Destinations Index 2025” ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, Истанбул ва Анталия дунё бўйича энг кўп хорижий сайёҳ ташриф буюрадиган шаҳарлар қаторидан жой олди. Ҳисоботда Туркия зиёратчилар сони, ҳам туризм жозибадорлиги жиҳатидан етакчи ўринни эгаллаганлиги қайд этилган.


Маълумотларга кўра, Истанбул 19,7 миллион нафар халқаро сайёҳ билан дунё рейтингида 5-ўринни, Анталия эса 18,6 миллион зиёратчи билан 8-ўринни эгаллади. Шу тариқа, Туркия глобал туризм майдонидаги таъсири ва мавқеини янада мустаҳкамлади.

Бангкок 30,3 миллион нафар ташриф буюрувчи билан биринчи бўлса, Гонконг, Лондон ва Макао илк тўртликдан ўрин эгаллади. Бироқ ҳисоботнинг энг эътиборга молик жиҳати — Туркиянинг сайёҳлар сони бўйича Европа ва Ўрта Ер денгизи минтақасида етакчилик сари шиддат билан кўтарилаётгани бўлди.


Мазкур ўсишда Истанбулнинг гастрономия, маданий ва санъат тадбирлари, халқаро миқёсдаги ташкилотлар, рақамли тарғибот ва кенг кўламли динамизми, Анталиянинг эса ҳар бир мавсумга хос юқори талабга эга бўлган дам олиш инфратузилмаси, спорт туризми ҳамда жаҳон стандартларига мос иншоотлари муҳим рўл ўйнаган.