Самарқандда сув чиқариш тизими ислоҳга муҳтож
Яқинда Самарқанд шаҳрида кузатилган кучли ёғингарчилик шаҳарнинг сув чиқариш тизимида мавжуд муаммоларни кўрсатиб қўйди.
Ёмғир сувларининг қисқа вақт ичида катта ҳажмда ёғиши шаҳарнинг қатор марказий кўчаларида транспорт ҳаракатининг издан чиқишига, пиёдаларнинг ҳаракатланишида қийинчиликлар юзага келишига сабаб бўлди.
Бугунги кунда шаҳар ҳудудини кесиб ўтган ариқ ва каналларнинг умумий узунлиги 73,6 километрни ташкил этади. Шундан 3 та каналнинг узунлиги 36,7 километр, 4 та коллектор-дренаж тармоғининг узунлиги эса 36,6 километрга тенг.
Олиб борилаётган амалий ишлар натижасида шаҳар аҳолиси учун қатор қулайликлар яратилмоқда. Рудакий ва Мароқанд кўчалари кесишмасидаги очиқ ирригация тармоғининг 1300 метр қисми реконструкция қилиниб, ёпиқ тизимга ўтказилди. Абдулла Қаҳҳор номидаги маҳалла ҳудудидан ўтувчи шаҳар ташлама ариғининг 350 метр қисмига катта диаметрили қувурлар ўрнатилиши натижасида ўттиздан ортиқ хонадонни сув босишининг олди олинди.
Кучли ёғингарчиликдан кейин вилоят раҳбарияти вазиятни жойига чиққан ҳолда ўрганди. Мазкур ҳудудларда тезкор чоралар кўрилиб, аниқланган носозликлар тўлиқ бартараф этилди. Бугунги кунда тизимнинг барқарор ишлаши таъминланиб, сув босиши билан боғлиқ хавфлар олди олинган.
Айни пайтда истиқболли лойиҳалар устида ҳам ишлар давом этмоқда. Хусусан, Чуқурйўл кўчасида «Сиёбча» коллекторини ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. Бу лойиҳа амалга оширилгач, сел ва ёмғир сувлари тўпланишининг олди олиниб, транспорт ҳамда пиёдалар ҳаракати учун янада қулай шароит яратилади. Чашма коллекторининг Кулолон кўчаси бўйлаб ўтган 1 километр қисми ҳам ёпиқ тизимга ўтказилиши режалаштирилган.
Шаҳарда бошланган тозалаш, кенгайтириш ва реконструкция ишлари сув чиқариш тизимини яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз. Бироқ барқарор натижага эришиш учун давлат ташкилотлари, мутахассислар ва аҳоли ҳамкорликда ҳаракат қилиши зарур. Зеро, тоза ариқлар, самарали ирригация тармоқлари ва замонавий инфратузилма нафақат шаҳар ободлиги, балки аҳоли хавфсизлиги ва фаровонлигининг ҳам муҳим кафолатидир.
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.