Тест синовларини адолатли ўтказиш учун қандай шароитлар яратилган?

Самарқандда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг тест синовлари олишга мўлжалланган биноси ўтган йили ишга тушди. Мазкур бино шаҳардан 3 километр узоқликда, яъни Паст Дарғом тумани Камолот маҳалласида жойлашган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 1200 нафар абитуриентдан имтиҳон олишга мўлжалланган.



Хўш, бинода абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун қандай шароитлар яратилган?
- Республика Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида Самарқанд вилоятида олий таълим муассасаларига ўқишга кирувчилар учун тест синовлари ўтказишга мўлжалланган биноларни қуриш ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг вилоят бўлимини жойлаштириш мақсадида 2 гектар ер майдони ажратилган эди, - дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Воҳид Сирлибоев. – Ер ажратишда Самарқанднинг тарихий шаҳар экани, сайёҳлар оқимининг юқорилиги, шунингдек, шаҳарда халқаро тадбирларнинг кўплаб ўтказилиши каби омиллар ҳисобга олинган ҳолда 2021 йилдан бино қурилиши бошланди. Маълум бир молиявий қийинчиликлар, яъни бинога ажратилиши керак бўлган маблағларда узилишлар рўй бергани боис қурилиш бироз чўзилди. 2025 йилнинг март ойидан янги бино ишга тушди ва тест синовларини ўтказиб келмоқда.

Бинонинг ичи иссиқ ҳароратда совитиш ёки совуқда иситишга мослаб жиҳозланган. Бундан ташқари, бино бир вақтнинг ўзида 1170 нафар абитуриентга тинглаб, тушуниш имкониятини берувчи қулоқчинли ҳамда аудио ёзувларни етказиб берувчи қурилмалар билан жиҳозланган. Шунингдек, бинода ота-оналарнинг кутиш жойлари ташкил қилинган.

Олий таълим муассасаларига кириш, хорижий давлатлардан ўқишни кўчириш тест синовларида олдинлари шахснинг ўрнига бошқа шахс киришга уриниши ҳолатларини кўп учратдик, - дейди В.Сирлибоев. - Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг қатъияти билан тизимга рақамлаштириш жараёнлари кенг қўлланилди, яъни шахсни иденфикация қилиш тизими йўлга қўйилгач, ўринга ўрин кириш ҳолатлари тўлиқ бартараф этилди. Бу ерда икки йилдан бери олий ва касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовлари ўтказилди. Бундан ташқари, умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш тестлари, яъни миллий сертификат учун тестлар, хорижий тилларни билиш даражасини аниқлаш бўйича тестлар, қурилиш соҳаси ходимларини сертификатлаш тестлари, яқиндан жисмоний маданият ва мусиқа фанлари ўқитувчилари учун сертификатлаш тестлари ўтказиб келинмоқда.   

2026 йилнинг январидан бугунги кунгача ўтказилган тест синовларидаги талабгорлар сони 237,5 минг нафар бўлиб, бу рақам 2025 йилдаги йиллик талабгорлар сонидан 5 фоизга ортиб кетди. Шуларни эътиборга олган ҳолда вилоят ҳокимлиги томонидан қўшимча ер ажратилди. Бугунги кунда мазкур бино ёнидан 70 сотих ер ажратилиб, қўшимча 800 ўринли янги бино қуриш ишлари бошланган.
Бундан ташқари, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигида халқаро сертификатлаш тизими ҳам жорий қилинган. Бу йил Самарқандда уч марта SAT синовлари ўтказилган. Шунингдек, ўқитувчилар учун TOEFL, TESOL каби халқаро сертификатлаш тестлари ўтказилган. Яна бир янгилик – кўзи ожизлар учун хорижий тилни билиш даражасини аниқлаш бўйича электрон шаклда тест синовлари йўлга қўйилган. Ярим йилда вилоятда 20 нафардан ортиқ кўзи ожиз талабгор мазкур имтиҳонда қатнашган. Уларнинг ҳар бирига имтиҳонда ёрдамчи-ассиссент қўйилган.

Тест синовлари ўтказиладиган бино атрофида ҳали дарахт кўчатлари ёш бўлса-да, одобонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Фақат бу ерга келадиган йўлнинг торлиги ва автобус қатновининг йўлга қўйилмагани аҳолига бироз қийинчилик туғдиради. Автобус қўйиш масаласида ҳам тегишли ташкилотларга мурожаат қилинган. Мазкур муаммо туман ҳокимлиги томонидан тез орада ҳал этилади, деган умиддамиз.

Хуршида Эрназарова.