Усмон ота давр ва шахс тақдири ёки Ўзбекистон тарихида ўчмас из қолдирган раҳбар хотираси
Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, уларнинг ҳаёт йўли бир авлод эмас, балки бутун бир давр тақдири билан уйғунлашиб кетади. Усмон Юсупов ана шундай мураккаб тарихий шароитда яшаб, фаолият юритган давлат арбобларидан бири эди.
Унинг номи ХХ аср Ўзбекистон тарихининг энг синовли йиллари - катта сиёсий ўзгаришлар, уруш машаққатлари ва тикланиш жараёнлари билан боғлиқ ҳолда тилга олинади.
Бугун Усмон Юсупов ҳақида ёзиш фақат бир раҳбарнинг ҳаёт йўлини эслаш эмас, балки ўтган асрда халқимиз бошидан кечирган оғир ва мураккаб жараёнларга назар ташлашдир. Чунки ҳар бир тарихий шахс ўз даврининг фарзанди бўлиб, унинг фаолияти ўша замоннинг имкониятлари ва чекловлари билан белгиланади.
Шу сабаб Азиз Қаюмовнинг “Усмон ота” китоби советлар тузуми давридаги сиёсий, ижтимоий-маданий ҳаётга қизиқувчилар, тадқиқотчи ва кенг китобхонлар оммасига ажойиб туҳфа дейиш мумкин. Асарга Шароф Убайдуллаев ва бошқа улуғларимизнинг ҳам ҳиссаси қўшилгани унинг қиймати ва қадрини янада оширган.
Водиллик болакайнинг раҳбарликкача бўлган йўли
Усмон Юсупов 1900 йилда Фарғона вилояти, Водил туманида туғилган. У ёшлигидан меҳнат муҳитида камол топиб, ҳаётнинг қийинчиликларини кўрди. Оддий меҳнатдан бошланган йўли уни давлат бошқарувининг юқори поғоналарига олиб келди.
Унинг фаолиятида ташкилотчилик, интизом ва масъулият каби жиҳатлар алоҳида ўрин тутган. Ўша давр раҳбарлари олдида турган вазифалар ниҳоятда катта эди: иқтисодиётни ўзгартириш, янги корхоналар барпо этиш, қишлоқ хўжалигини қайта ташкил қилиш ва давлат режаларини амалга ошириш талаб этиларди.
1937 йилда Усмон Юсупов Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби этиб тайинланди. Унинг раҳбарлик даври мамлакат тарихидаги энг зиддиятли йилларга тўғри келди.
Водилдаги оддий оиладан чиққан болакайнинг республика раҳбарлигигача бўлган йўли китобда батафсил ҳикоя қилинади.
Уруш йилларидаги масъулият
1941 йилда бошланган Иккинчи жаҳон уруши Ўзбекистон ҳаётида ҳам чуқур из қолдирди. Республика қисқа вақт ичида фронт ортидаги муҳим ҳудудлардан бирига айланди. Кўплаб саноат корхоналари Ўзбекистонга кўчирилди, минглаб одамлар эвакуация қилинди.
Бу жараён улкан ташкилий ишларни талаб қилди. Корхоналарни жойлаштириш, уларни ишга тушириш, ишчиларни таъминлаш, фронт эҳтиёжлари учун маҳсулот ишлаб чиқариш каби вазифалар кун тартибида турган эди.
Ўша йилларда ўзбек халқи кўрсатган меҳнат жасорати тарихимизнинг ёрқин саҳифаларидан бири бўлиб қолди. Заводларда туну кун меҳнат қилган ишчилар, ҳосил етиштирган деҳқонлар, фронтга ёрдам кўрсатган фидойи инсонлар умумий ғалабага муносиб ҳисса қўшди.
Усмон Юсупов ана шу жараёнларни бошқарган раҳбарлардан бири сифатида тарихда қолди. Унинг зиммасига юкланган вазифалар оддий маъмурий иш эмас, балки бутун республика ҳаётига дахлдор катта масъулият эди.
Тараққиёт ва зиддиятлар оралиғида
У.Юсупов раҳбарлиги йилларида Ўзбекистонда саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида катта ўзгаришлар амалга оширилди. Янги корхоналар ишга туширилди, ишлаб чиқариш имкониятлари кенгайтирилди, ирригация ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида йирик ишлар бажарилди.
Шу билан бирга, бу давр совет маъмурий тизими ҳукмрон бўлган, сиёсий қарорлар асосан марказлашган ҳолда қабул қилинган мураккаб давр эди. Шу сабабли тарихий шахсларга баҳо беришда фақат натижалар эмас, балки улар фаолият юритган сиёсий муҳит ҳам инобатга олиниши лозим.
Китобда ана у жиҳатлар холислик билан - шахснинг хизматларини ҳам, даврнинг мураккаб жиҳатлари ҳам биргаликда тасвирланган.
Усмон Юсупов замондошлар хотираларида талабчанлиги, ишчанлиги ва қарор қабул қилишда қатъиятли бўлгани таъкидланади. У раҳбар сифатида интизомга катта аҳамият берган, вазифаларни бажаришда масъулиятни биринчи ўринга қўйган.
Унинг ҳаётида оддий инсонларга хос кечинмалар ҳам бор эди: оғир қарорлар олдидаги масъулият, давр талаблари билан ҳисоблашиш, халқ ва давлат манфаатлари ўртасидаги мураккаб вазифалар. Айнан шу жиҳатлар тарихий шахсни тирик хотирага айлантиради.
Усмон Юсупов 1966 йилда вафот этган. Аммо унинг номи Ўзбекистоннинг ХХ аср тарихидаги муҳим шахслар қаторида сақланиб қолди.
Усмон Юсупов хотираси бу бир инсон хотираси эмас, балки бутун бир тарихий даврни англашга хизмат қиладиган маънавий меросдир. Азиз Қаюмовнинг “Усмон ота” китоби эса ана шу меросни ўзида акс этиргани билан ҳам аҳамиятли.
Ё.Марқаев.