Кичик саноат зоналари самара беряптими?

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 101-сессиясида самарасиз деб топилган бир қатор кичик саноат зоналарини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Биз ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва энг асосийси, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур зоналар нима сабабдан тугатилганлиги, қолганларида вазият қандай эканлиги бўйича суриштирув олиб бордик.

Қарор билан Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлари, Жомбой, Оқдарё, Паст Дарғом, Булунғур, Пайариқ, Пахтачи, Самарқанд, Қўшработ, Ургут, Тойлоқ ва Нуробод туманларидаги 20 та кичик саноат зонаси тугатилган. Вилоят бўйича уларнинг умумий сони шунгача 90 та бўлганлигини инобатга олсак, бу кичик рақам эмас. Демак, айни қарор учун жиддий асослар бўлган.

— Албатта, тугатилишидан олдин тегишли ҳудудлар бўйича ўрганиш ишлари олиб борилиб, таҳлил ва хулосалар қилинди, - дейди вилоят кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекция директори Алишер Қамаров. –Маълум бўлдики, баъзи ҳудудларда инфратузилмани шакллантириш уларга киритиладиган инвестиция маблағларидан ҳам қимматга тушади. Табиийки, ноқулай ва аҳоли пунктидан узоқ ҳудудда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш мураккаб. Шу боис улар тугатилиб, асосий эътибор мавжудларини ривожлантиришга қаратилди.

Биз масъулга ўрганиш ва таҳлиллар мазкур ҳудудлар танланишидан олдин амалга оширилиши керак эмасмиди, деган саволни ҳам бердик. Таъкидланишича, у мазкур вазифага ўтгач, ишни ҳудудларни қайта хатловдан ўтказишдан бошлаган. Бугунгача Пайариқ, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидан бошқа барча ҳудудлардаги зоналар хатлови тўлиқ якунланиб, муаммо ва уларнинг ечимлари бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинган.

— Вазиятни билмай туриб, самарасиз зоналар шунчаки ҳисобот учун ажратилган, деган хулосага келиш мумкин, - дейди Алишер Қамаров. – Аммо бу кўпроқ тажрибасизлик оқибати. Сабаби, иқтисодий зоналар тушунчасининг ўзи янгилик бўлди. Ўтган вақтда унинг қандай ишлаши, ишлатилиши борасида тажриба тўпладик. Ўтказилаётган хатлов хатоларимизни тўғрилаш имкониятини бермоқда. Хусусан, жараёнда аксарият тадбиркорлар зоналарни шунчаки вақтни ўтказиб, улардаги бино ва иншоотларни хусусийлаштириб олиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқ бўлди. Яъни, улар йиллар давомида инвестиция мажбуриятларини бажармаган ёки қисман, номигангина бажарган. Улар билан тузилган шартномалар бекор қилиниб, ҳудудлар қайта электрон-онлайн аукцион савдоларига чиқарилмоқда. Шу кунда мажбуриятларини бажармаган 30 нафарга яқин тадбиркорнинг иши судда кўриб чиқиляпти.

Шу ерда эгалик масаласига ойдинлик киритиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Кичик саноат зоналари тўғрисидаги низомга мувофиқ, тадбиркорларга тегишли ҳудудда ўз маблағлари ҳисобидан қурилган бино ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини белгиланган тартибда расмийлаштиришга рухсат берилган. Бунда улар ўзига берилган бино ва иншоотларни (ёки уларнинг қисмини) инвестиция ва бошқа ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ бажариш шарти билан, аммо кичик саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган санадан бошлаб беш йилдан кам бўлмаган муддатда хусусийлаштириши мумкин. Тадбиркорнинг ўз маблағлари ҳисобидан реконструкция қилинган ёки капитал таъмирланган бино ва иншоотлар учун эса уч йил муддат кўрсатилган. Бу ерда эътибор қаратишингиз керак бўлган асосий талаб - “инвестиция ва бошқа ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ бажариш шарти” ҳисобланади. Агар у бажарилмаса ёки чала бажарилса, хусусийлаштириш амалга оширилмайди.

Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Яъни, кичик саноат зонаси иштирокчилари фаолиятини тўлақонли амалга ошириши учун зарур ташқи муҳандислик-техник коммуникациялари билан таъминланиши лозим. Агар у тўлиқ таъминланмаса ёки ишлаб чиқариш фаолиятининг бошланиши кечикишига объектив бошқа сабаблар мавжуд бўлса, улар Маъмурий кенгашнинг қарори асосида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш муддатини узайтиришни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Маълумотга кўра, айни кунда вилоятдаги 29 та кичик саноат зонаси муҳандислик-техник коммуникациялар билан таъминланган, қолгани эса йўқ. Биз Каттақўрғон тумани мисолида ҳолатни ўрганишга ҳаракат қилдик.

Туманнинг Каттаминг маҳалласи ҳудудида иккита саноат зонаси жойлашган. Улардан бири - “Мобитех” масъулияти чекланган жамияти. Корхона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

— Лойиҳага 4 миллион АҚШ доллари тикканмиз, - дейди корхона раҳбари Алишер Раҳмонов. – Ишни бошлаганимизга икки йил бўлди. Ҳозирча 100 нафардан ортиқ ишчимиз бор. Фаолиятимизни янада кенгайтиришга тайёрмиз, лекин 150 та бўш иш ўрнига номзодларни топа олмаяпмиз. Ишчи кучи етишмаяпти.

Корхонада ходимлар бажарган ишига қараб, 1 миллион сўмдан 4 миллион сўмгача маош олар экан. Улар тушлик билан таъминланади, келиб-кетиши учун транспорт ажратилган. Шунга қарамай, янги ишчиларни бу ҳудудга жалб қилиш муаммо бўляпти.

Яна бир муаммо электр энергияси таъминоти билан боғлиқ. Тадбиркорнинг айтишича, корхонада тез-тез электр таъминоти узилади. Бу ишлаб чиқариш саноатида зарар дегани. Юқоридаги ҳолатда эса ишнинг тўхташи, ишчиларга ҳам етарлича иш бажариш ва даромадини ошириш имконини бермайди. Табиийки, бундай шароитда ҳамма ҳам ишлашни истамайди.

Унга туташ ҳудуддаги “Каттақўрғон шифер” масъулияти чекланган жамиятида ҳам вазият шундай. Бу корхона мавсумий ишласа ҳам электр энергиясидаги узилишлар унга зарар келтираётган экан.

— Мавсумда 56 нафар ишчини ёллаймиз, 15 нафар доимий ишчимиз бор, - дейди корхона раҳбари Суннатилло Бердиев. – Ҳар гал электр энергияси 40 минутдан ортиқ узилса, ускунадаги қоришма яроқсиз ҳолатга келади ва ўртача 20 миллион сўм зарар қиламиз. Афсуски, бундай ҳолат тез-тез бўлиб туради. Фаолиятимизни тўлиқ йўлга қўйишимиз учун табиий газ ҳам керак. Тўғри, тармоқ тортиб берилди. Аммо ундаги йўқотишлар сабабли газ босими жуда паст. Агар шу муаммолар ҳал қилиб берилса, даромадга чиқишимиз аниқ.

Маълумот учун, корхона 2021 йилда кичик саноат зонаси иштирокчисига айланган. Яъни, орадан 3 йилдан ортиқ вақт ўтган ва лойиҳага катта маблағ йўналтирилган бўлса-да, тадбиркор даромадга чиқа олмаяпти ва бу биргина ҳолат эмас.

Тўғри, кичик саноат зоналари иштирокчилари ичида зарур инфратузилма билан тўлиқ таъминланган, ўтган даврда яхшигина ютуқларга эришганлари ҳам кўп. Умумий статистика айнан шуларнинг ҳисобига кўтарилмоқда. Аммо бу имконият бошқаларга ҳам ўз вақтида берилса, самарадорлик янада юқори бўлар эди.

Тадбиркор ишласа, солиқ тўлайди, демак давлатга фойда келтиради. Қолаверса, янги иш ўринлари аҳоли ўртасида ишсизликни қисқартириш, оилаларнинг даромадини оширишга хизмат қилади.

Дирекциядан олинган маълумотга кўра, жорий йил вилоятдаги 21 та кичик саноат зонасида зарур инфратузилмани яратиш учун 18 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу яхши. Аммо жараёнда рақам эмас, сифатга ҳам эътибор берилса, хусусан, тадбиркорлар учун электр энергиясидаги узилишлар ва табиий газ босимининг пастлиги муаммоси ҳал этиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Асқар БАРОТОВ.