Самарқандда 300 гектар майдонда янги махсус саноат зонаси ташкил этилиши белгиланди
Бу ҳақда Президент иштирокидаги йиғилишда маълум қилинди. Таъкидланишича, бугунги кунда ҳудудларда 35 та текстиль-бўёқ ва 14 та терини қайта ишлаш бўйича янги лойиҳалар тайёрланган.
Шу муносабат билан йил якунига қадар текстиль-бўёқ ва терини қайта ишлаш бўйича индустриал парклар ташкил этиш, замонавий тозалаш иншоотларини қуриш бўйича лойиҳаларни бошлаш вазифаси қўйилди.
Мутасаддилар вилоят ҳокимлари билан бирга ушбу ишлар ҳисобидан 20 мингта иш ўрни яратиши, қўшимча 250 миллион доллар экспортни таъминлаши шартлиги таъкидланди.
Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилояти, Фарғона тадбиркорлари бу имкониятдан фойдаланиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича 630 млн долларлик янги лойиҳаларни бошлаш ташаббуси билан чиққан. Уларни инфратузилма билан таъминлаш учун жорий йилда 120 млрд сўм ажратилади.
Бошқа ҳудудлардан ҳам янги лойиҳа таклифлари бўлса, улар учун яна 50 млрд сўм ажратилиши таъкидланди.
Йиғилишда Самарқандда 300 гектар майдонда янги махсус саноат зонаси ташкил этилиши белгиланди.