36 минг гектар майдонда доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилади

Хабар берганимиздек, бугун Жомбой туманидаги “SOF EXPO Samarkand” кўргазмалар мажмуасида  Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, вилоят ҳокимлиги ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан доривор ўсимликлар маҳсулотларининг биринчи халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.

“Абу Али ибн Сино мероси” деб номланган кўргазмада соҳа мутасаддилари, доривор ўсимликлар етиштирувчи ва уни қайта ишловчи юзга яқин маҳаллий тадбиркор ўз маҳсулотлари билан иштирок этди. Шунингдек, тадбирда Кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Халқ табобати ассоциацияси, Шарқ табобати институти вакиллари қатнашди.

- Мамлакатимизда маҳаллий флорага мансуб ўсимликларнинг 750 тури доривор ҳисобланиб, улардан 112 тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинган, шундан 70 та тури фармацевтика саноатида фаол қўлланиб келинади, - дейди Тошкент давлат аграр университети доривор ўсимликлар кафедраси мудири Абдумўмин Ғаниев. - Юртимиз доривор ўсимликларга бой, афсуски, ундан унумли фойдалана олмасдик. Сабаби, тиббиётнинг бу йўналишига эътибор кам эди. Энди соҳага эътибор ошяпти. Лицензияли, малакали табобатчилар бемалол фаолият юритиши мумкин. Президентимиз томонидан соҳага оид имзоланган бир қатор фармон ва қарорлар юртимизда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш, шунингдек, уларнинг экспортини амалга оширишга кенг имконият яратди.

Ушбу кўргазмада доривор ўсимликларни етиштираётганлар, уни қайта ишлаётган фармацевтлар, табобатчилар, шифокорлар иштирок этяпти. Бу албатта, соҳанинг уйғун ривожланишига замин яратади. Биз молиявий фойда ҳақида гапиряпмиз, аслида унинг халқ саломатлигидаги ўрнини ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмайди. Ўйлайманки, ушбу кўргазма мамлакатимизда табобат ривожида муҳим қадамлардан бири бўлди.

“Меҳригиё” хусусий корхонаси яқинда халқаро “Organic” сертификатини олди. Ушбу корхона 45 турдаги доривор ўсимликлардан тайёрланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

- Айни пайтда корхонада доривор ўсимликларни етиштириш ва уларни қайта ишлаш асосида юздан зиёд шифобахш чой, шарбат ва асалли маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилган, - дейди корхонанинг Самарқанд вилоят бўлими раҳбари Элёр Турсунов. - Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар МДҲ давлатларига экспорт қилиняпти. Келгусида Европа ва араб давлатларига ҳам маҳсулот сотишни режалаштирганмиз.

Таъкидлаш лозимки, жаҳонда ушбу соҳада мамлакатимизнинг салоҳияти юқори баҳоланади. Хусусан, 2021 йилда қизилмия экстракти айланмаси дунё бўйича 200 миллион долларни ташкил этиб, мамлакатимиз 31 миллион доллар экспорт қиймати билан биринчи ўринни эгаллади.

Бугунги кунда доривор хомашёни қайта ишлаш энг даромадли соҳалардан бирига айланди. Шундан келиб чиқиб, эндиликда туманлар доривор ўсимликлар етиштириш бўйича ихтисослаштирилади. 2026 йилгача 36 минг гектар майдонда янги доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилади.

Сулаймон Мардиев.