“Ўз давридан ўзган Буюк Ипак йўли мероси”
Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг “Арт-Резиденция”сида Туркиянинг “Инсон ва цивилизация” ҳаракати томонидан шу номдаги кўргазма ташкил этилди.
Маданият вазирлиги, Туризм қўмитаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда Туркиянинг Самарқанддаги бош консулхонаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, “Инсон ва цивилизация” ҳаракати бўлим бошлиғи Марям Гуней, Туркиянинг Самарқанддаги Бош консули Салиҳ Жанер сўзга чиқиб, қадимий Буюк Ипак йўли ушбу йўл ўтган давлатларнинг нафақат савдо-иқтисодий, балки илмий-маданий ҳамкорлик алоқалари ривожига ҳам катта ҳисса қўшганини таъкидладилар.
– Минтақамиздаги тарихий-маданий бойликни ўзида мужассам этган Буюк Ипак йўли туфайли Хитойдан Туркиягача бўлган ҳудудда илм-фан, маданият ва санъат ривожланган, – деди Марям Гуней хоним. – Бизнинг уюшмамиз бу тарихий жараённи ўрганиш ва кенг тарғиб этиш ҳамда бугунги алоқаларимизни янада кенгайтириш мақсадида ушбу лойиҳани амалга оширмоқда. Кўргазма ва симпозиумдан иборат “Ўз давридан ўзган Буюк Ипак йўли мероси” лойиҳамиз илк бор Туркияда ўтказилганди. Сўнгра Тошкент шаҳрида ташкил этдик ва кўргазма бугун Самарқандда ўз ишини бошлади. Кейинги манзил учун Бухорони танлаганмиз.
Кўргазмадан Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Татаристон, Қирғизистон, Хитой, Афғонистон, Покистон, Озарбайжон, Эрон ва суриялик 41 нафар профессионал ижодкорнинг махсус асарлари ўрин олган. Самарқандда 20 дан ортиқ асар намойиш этилмоқда. Улар орасида хаттотлик, иллуминация, миниатюра, ёғоч ўймакорлиги, кошин, марварид ва металл ўймакорлиги, заргарлик буюмлари мавжуд.
Тадбир доирасида Буюк Ипак йўлининг тарихи, муҳим марказлари, илм-фан ва санъати, тил ва адабиёти, меъморчилиги масалалари муҳокамасига бағишланган симпозиум ташкил этилди.
Унда ўзбекистонлик ва хориждан келган тарихчи ва санъатшунос олимлар, ижодкорлар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Кўргазма эртага, 10 октябрь куни ҳам давом этади.