Халқаро даражадаги мажмуа, замонавий бозор Самарқанд тадбиркорларининг янги ХАБига айланади
Жомбой тумани Деҳқонобод қишлоғи, М-39 магистраль йўл бўйида барпо этилган “SOF EXPO SAMARKAND” кўргазма мажмуаси ҳамда “Қишлоқ хўжалик техникалари ва технологиялари – AGROPRO 2022” кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Қиймати 25 миллиард сўм бўлган мажмуада 4500 квадрат метр ёпиқ ва 5000 квадрат метр очиқ павильон, 50 кишилик конференц зал, 3 та музокаралар хонаси, 3 юлдузли меҳмонхона, хостел, кафе ва ресторанлар мавжуд.
Мажмуа очилишида иштирок этган “Агролизинг” компанияси раиси Нодир Отажонов бу маскан инновацион ечимлар, халқаро стандартларнинг юқори талабларига жавоб берадиган, хориждаги юқори рейтингли кўргазмалар билан рақобатлашадиган даражадаги имкониятларга эга эканлигини эътироф этди. Туркия ва Қозоғистон республикаларининг Самарқанддаги консулхонаси раҳбарлари мажмуада ишлаб чиқарувчи ва харидор ўртасида В2В форматида учрашувлар ўтказиш учун яратилган қулайликларни юқори баҳолади.
- Кўргазмада 100 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий компаниялар, 80 га яқин қишлоқ хўжалик техникалари, Туркия, Хитой компаниялари вакиллари иштирок этмоқда, - дейди вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов. - Илғор технологиялар, илмий ишланмалар, сув, энергия тежамкор технологиялар, янги уруғлар, ўғитлар ва аграр тармоқдаги бошқа янгиликлар борасида 3 кун мобайнида ҳар соатда турли тақдимотлар ўтказилади. 2022 йил якунига қадар 50 га яқин кўргазма ташкил этиш, маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни кенг жалб қилиб, мажмуани Марказий Осиё кўргазмалар марказига айлантириш режалаштирилган.
Кўргазмада қишлоқ хўжалик техникалари, агрегатлар ва қўшимча қисмлар, интенсив суғориш тизимлари, иссиқхона қурилмалари, чорвачилик, қуёнчилик, асаларичилик, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, экспорт, минерал ўғит, витаминлар, мева ва манзарали дарахт, узум кўчатлари, ветеринария препаратлари, уруғчилик намуналари, қишлоқ хўжалик техникалари намойиш этилмоқда. Шунингдек, экспортёрлар, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатадиган ўқув курслари, банк ва лизинг ташкилотлари ҳам ўз хизматларини таклиф этмоқда.
- Кўп йилдан буён Ўзбекистон бозорида сув тежовчи технологияларимиз билан қатнашамиз ва 2018 йилда Самарқандда корхонамизни очдик, - дейди “ACAR-MAC-SAN” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси директори Ваҳид Ажар. – Туркияда қандай замонавий технология амалиётга татбиқ қилинса, Ўзбекистонда ҳам жорий этяпмиз. Аслида ёмғирлатиб суғориш ҳосилдорликни оширади, томчилатиб суғориш эса нисбатан арзонроқ. Мамлакатингизда тупроқ хоссаларини ўрганиб, фермер ва кластер корхоналарига дуккакли ўсимликлар учун ёмғирлатиб, пахта етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини тавсия этяпмиз.
“Қишлоқ хўжалик техникалари ва технологиялари – AGROPRO 2022” кўргазмаси 5 мартга қадар давом этади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ фото.