“AGROPRO EXPO-2023”: Ғарб ва Шарқнинг деҳқончиликдаги ютуқлари кўргазмаси
Жомбой туманидаги “SOF EXPO SAMARKAND” кўргазмалар марказида “AGROPRO EXPO-2023” (агротехнологиялар, қишлоқ хўжалиги техникалари ва ускуналари, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш тармоқлари, чорвачилик, паррандачилик, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш каби соҳаларида) агросаноат II халқаро кўргазма ярмаркаси бошланди.
21-23 февралга мўлжалланган кўргазма ярмаркасида Марказий Осиё, МДҲ давлатлари, Европа ва Осиё мамлакатлари, жумладан, Германия, Голландия, Россия ва Туркия, Эрон ва Жанубий Корея каби қишлоқ хўжалиги ривожланган давлатлар ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг етакчи компаниялари ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
Кўргазманинг очилиш маросимида Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Олий Мажлис Сенати аъзолари, шунингдек, хорижий ва маҳаллий компаниялар вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.
Кўргазмада 150 дан ортиқ компания ва корхоналар 20 мингдан ортиқ маҳсулот ва хизматларини таклиф этди. Жумладан, 150 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги техникалари, 20 дан ортиқ сув тежамкор технологиялар, 50 дан ортиқ минерал ўғит ва кимёвий воситалар, 50 дан ортиқ экспортёр ва қайта ишлаш корхоналари 100 га яқин уруғчилик ва кўчатчилик хўжаликлари, 40 дан ортиқ чорва ва чорва озуқаси ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда.
Ушбу кўргазманинг йил бошида ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Чунки баҳорги юмушлар бошланишидан олдин деҳқон-фермерларимиз сифатли уруғ танлаш, майдонларга сув тежовчи технологиялар жорий этиш ва замонавий техникалар харид қилиш учун ҳозир қулай пайт ҳисобланади. Қолаверса, янги технологиялар, серҳосил уруғ танлашнинг ҳам айни мавриди.
Сувни тежаш, юқори ҳосилдор уруғ танлаш деҳқоннинг бугунги кундаги асосий ташвишига айланган. Ушбу кўргазма павильонларидан ўрин олган асосий янги ишланмалар ҳам шуларни ташкил этади.
- Корхонамиз 2018 йилда туркиялик таъсисчиларнинг сармояси асосида кириб келган ва биз асосан экин майдонларига сув тежовчи технологиялар ўрнатиш билан шуғулланамиз, - дейди “Agro Boss IRRIGATION” масъулияти чекланган жамияти бўлим мудири Шамсиддин Қурбонов. – Корхонамиз қишлоқ хўжалик кластерлари билан ҳамкорликда пахта, ғалла, полиз экинлари в бошқа турдош экин майдонларига сув тежовчи технологияларни жорий этамиз. Ўтган вақт давомида корхонамиз томонидан 4 минг гектарга яқин майдонда ушбу технология жорий этилди. Самарқанднинг иқлим шароити ва ернинг ҳолати ва самарадорлигидан келиб чиқиб асосан асосан томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларига талаб юқори бўлмоқда. Талабдан келиб чиқиб, 2021 йилда Самарқанд шаҳрида сув тежовчи технологияларнинг 80 фоизини ўзимизда ишлаб чиқарувчи корхона ҳам ташкил қилдик.
Кўргазмада мевали ва манзарали кўчатлар, уруғлар, қишлоқ хўжалик корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, замонавий ускуналар, тўқув-трикотаж маҳсулотлар, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш, қадоқлаш хизматлари ҳам намойиш этилди. Шунингдек, хориждан келтирилган йирик ва майда шохли чорва моллари, қуёнчилик, балиқчилик, паррандачилик хўжаликлари учун ускуналар озуқа маҳсулотлари ҳам тақдим этилди. Тижорат банклари ва бошқа молия ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалик ходимлари учун қулай хизмат турлари билан таништирувлар ўтказилди.
Маълумот учун: ўтган йилги кўргазмада 100 дан ортиқ корхона мингга яқин маҳсулот ва хизматлари билан қатнашган. Кўргазма доирасида 200 миллиард сўмлик 100 га яқин шартнома имзоланган. Бу йилги ярмаркада 20 мингдан ортиқ қизиқувчи келиши ва кўргазма доирасида 800 миллиард сўмлик ҳамкорлик шартномалари имзоланиши кутилмоқда.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Алишер ИСРОИЛОВ (фото).