85 йиллик умр, бир умрлик журналистика

Журналистнинг нафақадагиси бўлмайди, дейишади. Яқинда бу гапга тўла ишондим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муайяна Хўжаеванинг 85 йиллиги муносабати билан ўтказилган самимий давра шу каби жуда кўплаб ҳақиқатларимизни амалда исботлади. 

Атрофдагиларнинг бир инсонга нисбатан бир хил самимий муносабати камёб ҳодиса: аммо Муайяна Хўжаева ҳақида гапирганлар фақат тилда эмас, дилдан сўзлашди. Унинг жамиятга, атрофдагиларга нисбатан доим айтар сўзи борлиги, у нафақат ёзган мақолалари, тайёрлаган лавҳалари, балки ўз ҳаёт тарзи билан ҳанузгача атрофдагиларнинг меҳрига сазовор бўлиб келаётгани такрор-такрор таъкидланди.

Пушкин номидаги вилоят кутубхонасида ўтказилган анжуманни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев олиб борди. Вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов вилоят ҳокимининг табригини ўқиб эшиттирар экан, журналистнинг машаққатли йўлини муносиб босиб ўтган  Муайяна Хўжаева шахси бугун зиёли қатлам орасида муносиб ўринга эга эканлигини эътироф этди. 

- Журналистнинг босиб ўтган йўли ибрат, айниқса у бой тажрибага, юксак салоҳиятга эга бўлса, - деди тадбирда сўз олган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов. – 85 ёшини қаршилаётган Муайяна Хўжаева ҳеч муболағасиз ҳақиқий маънода бугунги ёш мухбирларга ибрат мактабини яратган журналистлардан. Опанинг тўрт тилда бемалол сўзлаша олиши, хорижда ҳам фаолият юритгани-ю, ўз даврининг энг долзарб муаммоларини кўтариб чиққани ҳар бир журналистни қизиқтириб қўйиши шубҳасиз.

Айтиш лозимки, Муайяна Хўжаева иш фолиятини 1963 йилда вилоят радиосидан бошлаган. Кейинчалик “Овози тожик” газетаси ҳамда Ўзбекистон телерадиокомпаниясида иш олиб борган. 1970-1972 йилларда Куба университетида ҳам фаолият юритган.

- Муайяна Хўжаеванинг журналист сифатида олиб борган кўплаб тадқиқотлари уни олима дейишга ҳам изн беради, - дейди Самарқанд халқаро технология университети ректори Юсуф Абдуллаев.  – У зиёли тушунчасини том маънода ўзида жамлаган, умрини касбига садоқат билан меҳнат қилиш, маданий-маърифий меросимизни кенг тарғиб этиш, хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ мақолалар тайёрлашда жонбозлик кўрсатди. Унинг фаолиятини, ҳаёт тарзини кузатар эканмиз, жадид боболаримиз изидан борган зиёли сифатида кўргимиз келади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муқаддас Абдусаматованинг видеотабриги иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди. Ахир сафдошларнинг табриги жонли ижродаги ашула билан уланиб кетса, ҳамманинг юзида табассум югуради-да.

Анжуманда сўз олган ҳамкасблар: Шоқаҳҳор Салимов, Шоҳрух Беҳбудий, Холида Абдухолиқова, Тожибой Икромов, Шуҳрат Самадовлар журналистнинг бугун ҳам ўз фикрларини ижтимоий тармоқларда ифодалаб, жамиятда фаол эканини алоҳида таъкидлашди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.