Марказимизда жорий этилаётган инновациялар янги ютуқларга хизмат қиляпти

Замонавий таълим методлари ва халқаро тажрибани жорий этиш асосида 2017 йилдан буён хорижий тилларни ўқитиш ҳамда ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш йўналишида фаолият юритиб келяпмиз.

Халқаро ҳамкорликларимиз самараси ўлароқ, “MM Publications” нашриёти томонидан Ўзбекистон учун 600 минг евро миқдорида грант ажратилди. Шунингдек, уч нафар шогирдимиз Грециядаги Mariah Diabath Research Institute томонидан 50 минг евро миқдоридаги инвестицияга муносиб деб топилди.

2025 йилда Кембриж имтиҳонларини ташкил этишда “pay-at-property” тизими жорий қилинди. Ушбу тизим орқали талабгорлар имтиҳон тўловини олдиндан эмас, балки бевосита имтиҳон марказида амалга ошириш имкониятига эга бўлди. Натижада Қозоғистон, Россия, Хитой, Покистон ва Эрондан ташриф буюрган 170 нафар талабгор Самарқанд шаҳрида Кембриж имтиҳонларини топширди. Бу эса таълим экспорти ҳажмини 40 минг АҚШ долларига етказиш имконини берди.

Ўтган йили тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувда ўқув марказимиз фаолияти ҳақида Президентимизга маълумот бериш имконига эга бўлдим. Давлатимиз раҳбари амалга ошираётган ишларимизни юқори баҳолаган эдилар. Жорий йилнинг 18 март куни вилоятимизга ташрифлари доирасида ўқув марказимизга келиб, таълим жараёни билан шахсан танишдилар. Бу эътибор жамоамиз учун катта рағбат бўлиб, олдимизга янада юксак мақсадларни қўйишга ундади.

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида таълим экспорти географияси янада кенгайиб, АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи давлатларидан ҳам талабгорлар жалб қилинди. Натижада биринчи ярим йилликда таълим экспорти ҳажми 48 минг АҚШ долларини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 128 фоизга, ўтган йилги умумий кўрсаткичга нисбатан эса 20 фоизга ўсиш қайд этилганини кўрсатади.

2026 йилда америкалик халқаро эксперт Винсент Русса иштирокида вилоятдаги биринчи сунъий интеллект лабораторияси ҳамда сунъий интеллект бўйича ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, март ойида “Smart Library” лойиҳасига асос солинди. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи давомида очилган мазкур кутубхона учун Европанинг йирик нашриётларидан бири — Vector Publishing House томонидан 40 минг евро миқдоридаги инвестицион грант жалб қилиш бўйича келишувга эришилди.

“INNOVATSION MARKAZ” нодавлат таълим муассасасига 2023 йилда 3450 нафар ёш инглиз тилини ўрганиш учун мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 450 нафари турли даражадаги халқаро сертификатларни қўлга киритган эди. Жорий йилда эса марказда 6500 нафар ёш таълим олмоқда. Бу аввалги йилга нисбатан 3050 нафарга кўпдир. Шунингдек, 1400 нафар ўқувчи турли даражадаги халқаро сертификатларни қўлга киритди. Бу эса ўтган йилга нисбатан 950 нафарга кўп натижани ташкил этди.

Келгусида ўқув марказлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини янада ривожлантириш, хорижий тилларни ўқитиш сифатини юксалтириш, дунёнинг етакчи таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва халқаро стандартларни кенг жорий этиш орқали халқаро сертификатга эга ёшлар сонини янада кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Шу билан бирга, халқаро имтиҳонлар сонини ошириш, таълим экспорти бозорларини кенгайтириш ҳамда Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, шунингдек Европа Иттифоқи давлатларидан талабгорларни жалб этиш бўйича тизимли ишлар давом эттирилади.

Муҳаммадхон СОЛИЕВ,
“INNOVATSION MARKAZ” нодавлат таълим муассасаси раҳбари.