Самарқандда алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болаларнинг ижтимоий интеграциясига бағишланган ўқув-семинар бошланди

Самарқанд шаҳридаги 60-сон «Нурли маскан» мактаб-интернатида «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг ижтимоий интеграцияси: инновацион ёндашувлар ва амалий ечимлар» мавзусида республика амалий ўқув-семинари бўлиб ўтмоқда.

Тадбир очилишида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Усмон Шарифхўжаев ҳамда агентликнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Шерали Йўлдошев алоҳида эҳтиёжли болалар билан ишлашда замонавий педагогик ва психологик ёндашувларни амалиётга жорий этиш бугунги кун талаби эканини таъкидлади.

— Алоҳида эҳтиёжи бўлган болаларнинг ижтимоий интеграцияси замонавий таълимда устувор йўналишлардан бири бўлиб, боланинг шахсий ривожланиши, жамиятда тенг ҳуқуқли иштирок этиши учун зарур муҳит яратилиши лозим, — деди Усмон Шарифхўжаев. — Жаҳон тажрибаси инновацион педагогик технологиялар, индивидуал дастурлар ва комплекс ёндашувлар бундай болалар мослашувида муҳим ўрин тутишини кўрсатмоқда. Бугунги семинар педагоглар ва мутахассислар малакасини ошириш, инновацион таълим усулларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда алоҳида эҳтиёжли болаларнинг ижтимоийлашув жараёнини самарали ташкил этишга хизмат қилади.

Семинарда республикадаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ва олий таълим муассасалари ўқитувчилари ижтимоийлашув жараёнларини тўғри ташкил қилиш, инновацион педагогик ва психологик ёндашувлар, амалий машқлар орқали муаммоларни ҳал қилиш кўникмасини ривожлантириш, бола–ота-она–жамоа ўртасида ҳамкорлик механизмларини шакллантириш, ролли ўйинлар, амалий машғулотлар, кейслар асосида реал вазиятларда муаммоларни бартараф этиш бўйича тажриба алмашмоқда.

— Бундай амалий семинарлар бизнинг ишимиз учун жуда керак, — дейди Қашқадарё  вилоятидаги 18-сон “Нурли  маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори Гулшан Каримова. — Тўғри, биз ҳар куни болалар билан мулоқотда бўламиз, уларнинг эҳтиёжи, руҳий ҳолати, ижтимоий муҳитга мослашувидаги қийинчиликларини яхши биламиз. Лекин инновацион ёндашувлар, хориж тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ечимлар бизга кенг имконият беради. Аслида болаларнинг жамиятга мослашуви фақат мактаб ёки педагогнинг вазифаси эмас. Бунда оила, жамоа, муҳит ва мутахассислар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга касб этади. Тренингда ушбу йўналишдаги амалий ёндашувлар, мулоқот усуллари, стресс ҳолатларини енгиллаштиришга хизмат қилувчи методлар ўргатилмоқда ва, асосийси, педагоглар олган билимларини фаолияти давомида қўллай олиши энг катта натижа.

60-сон “Нурли маскан” мактаб-интернати директори Фарангиз Шокированинг таъкидлашича, муассасада инклюзив таълим инновацион ёндашувлар ва индивидуал методикалар асосида ривожланмоқда. Жумладан, сўнгги уч йилда муассаса битирувчиларининг 80 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган ва семинарнинг ушбу масканда ташкил этилиши бежиз эмас.

— Муассасада аввал касб-ҳунар йўналишлари чекланган бўлса, бугун ёғочга ишлов бериш, тўқимачилик, кулолчилик, қандолатчилик, пойабзалчилик, инжиниринг, робототехника, 3D моделлаштириш каби ўндан зиёд йўналишда таълим йўлга қўйилган, — дейди Ф.Шокирова. — Шунингдек, 267 нафар ўқувчи учун индивидуал ривожланиш хариталари ишлаб чиқилган бўлиб, шахсий таълим траекториялари амалиётга жорий этилган. Бу педагоглар меҳнати ва замонавий таълим стратегияларининг самарасидир. Муассасамизда ташкил этилган бугунги семинар ҳам педагоглар билан тажриба алмашиш, янги ғоя ва методикаларни ўрганиш орқали таълим тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Тадбир давомида иштирокчилар Самарқанд шаҳридаги 59 ва 60-сон «Нурли маскан» мактаб-интернатлари фаолияти ҳамда ўқувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.

Фазлиддин Рўзибоев.