Bizni kuzating

Коррупцияга муросасиз муносабат самарали назоратдан бошланади

Самарқанд шаҳрида вилоят коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаш аъзолари иштирокида «Коррупцияга қарши назорат, жамоатчилик билан ҳамкорлик ва шаффофликни таъминлаш» мавзусида ўқув-семинар бошланди.

Ушбу семинар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Европа Иттифоқи билан ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Икки кун давом этадиган тренингдан кўзланган мақсад ҳудудларда коррупциявий муаммо ва хавф-хатарларни аниқлаш, уларни бартараф этиш, шунингдек, коррупциянинг олдини олишга қаратилган самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича иштирокчиларнинг билим ва амалий кўникмаларини оширишдан иборат.

Семинар давомида иштирокчиларга коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Шунингдек, улар ўз ваколат ва вазифаларини самарали амалга ошириш, ҳудудлардаги коррупциявий хавф-хатарларни тизимли таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этишнинг мақбул ечимларини ишлаб чиқиш бўйича экспертлар иштирокидаги амалий машғулотларда қатнашдилар. Бу орқали иштирокчиларнинг соҳадаги билим ва кўникмалари янада мустаҳкамланди.