Бепарволик асридан маърифат асрига: Қайси йўлни танлаймиз?
Қарийб бир ярим аср мустабидлигимизнинг бош сабабларидан бири илмдан айри сиёсат юритиш бўлгани сир эмас.
Бир ярим аср. Айтишга осон – бу жуда катта муддат. Йўқотилган қадриятни тиклашнинг имкони бўлар ёки йўқ, ҳали-ҳануз саволлигича қолмоқда. Моддият масаласини гапирмасак ҳам бўлади.
Мустақиллик йилларидаги эврилишлар кўпларга худди осмондан тушгандай туюлади. Йўлда автомобиль ҳайдовчиларининг тирбандликдан нолишини эшитиб, кечагина “Советнинг машиналари” саноқли эканлиги, йиллар давомида “райисполком” деган идораларда навбатга туриб, таниш-билишни ишга солиб, сотиб олиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмаслигини эсладим. Автоуловларнинг кўпайиши ижтимоий ҳолатимиз ижобий кўрсаткичининг биттаси.
Ҳамма импорт (сифатли) маҳсулотлар “под прилавка”дан топиларди. Пахта етиштирган халқ кафанлик матосини колхоз раисининг “запискаси” билан “потребсоюз склади”дан оларди. Газнинг Ўзбекистондан шимолга етказилиши, олтин ва бошқа ер ости бойликларимиз ташиб кетилиши давлат сиёсати, унга аралашиш мумкин эмас, деб уқтиришарди.
Саводсизлигимиздан, бепарволигимиздан, бирлаша олмаганимиздан.
Тўғри-да, бепарво одамга илм нима керак?!
Атроф-муҳитда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик талаб қилинмаган инсонга ўқиш нега керак?
Ҳатто совет даврида ҳарбий хизматда “солдат”дан “ўйлама, сен учун ўйлайдиган одамлар бор, фақат буйруқни бажар, бошлиқ ҳамиша ҳақ”, деган қатъий талаблар қонунлашган эди.
Гапирса гап кўп. Муддао нима?
Муддао – ота-боболаримизнинг ютуқли анъаналарини ривож топтириб, йўл қўйган хатоларини такрорламаслик. Демак, бош муддао – эл, халқ, миллатни илм билан ошно қилиш. Қандай қилиб? Катта ва энг қийин савол. Шунинг учун ҳам мақоламизга қаҳрамон қилиб олимларни белгиладик.
Нажот - таълимда
Йўналиш бериш учун Хитойни мисол қилмоқчи эмасман-у лекин Хитой кўз ўнгимизда бизданда абгор ҳаётдан дунёга таъсир ўтказадиган давлатга айланишининг сабаби ҳаммамизга қизиқ.
Саводсиз, на ўқишни, на ёзишни ва на яшашни эплай оладиган хитойликлар яшаш учун кураш “жанггоҳи”да чидаб бўлмас даражада таъзирларини егандан сўнг саводсизлик билан яшашни давом эттирса, охир-оқибат фарзандларининг ҳаётини ҳам бой беришини тушуниб етди. Болалари таҳсил оладиган дарсгоҳларда ўтказилган ота-оналар йиғилишидан бирида бир гуруҳ ота-оналар уларни ҳам ўқитишларини тиз чўкиб ўқитувчилардан илтимос қилди. Илтимос кўп ўтмай бутун давлат бўйлаб тарқалди.
Ечим таълим аҳлидан ҳеч қандай тўловларсиз, ўқувчиларнинг уйга вазифаларини ҳажмига қўшиб, ота-оналарни ҳар куни бирга дарс қилишни тизимлаштириш билан барҳам топди. 1980-1990 йилларда хитойлик ота-оналар ёзиш-чизишни уддалашдан ташқари, ўзларини қийнаётган саволлар билан мактаб маъмуриятига хат йўллашни ҳам ўзлаштиришга муваффақ бўлишди. Қолган воқеа-ҳодисалардан ҳаммамиз хабардормиз. Бугун ота-оналарига дарс берган ўқувчилар бутун Хитойни бошқаряпти. Шу авлод саноатни индустриялаштирди, ҳеч бўлмағурлари эса нафақат кўрганларини, балки эшитганларини ҳам эртаси куни ишлаб чиқаришга муваффақ бўлишмоқда.
Мақсад, восита, омил
Давлатимиз раҳбари ўзбек заминида аввал ҳам илм улуғлангани, бундан кейин ҳам илм нажот эканлигини кўп бор таъкидлайди. Учинчи Ренессанс мактаб остонасидан бошланишига урғу беради. Муаллимларимиз, профессор-ўқитувчиларимиз ва барча илм дарғаларини миллатнинг гултожи деб билади. Мустабид тузумдан “ёдгорлик” қолган молиявий тақчилликдан ҳам қисиштириб, улар жамиятнинг олди инсонлари бўлишларини таъминлаш борасида изчил стратегик сиёсат олиб боряптилар.
“Ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти асосида илм туриши аксиома” деб бот-бот эслатиб ўтади. Мақсадимиз аниқ бўлмаса, унга эришиб бўлмайди. Якуний хулосани мақсад, восита ва омилларни очиқлаш фурсати келди. Мақсадимиз – илмга асосланган келажак қуриш. Агар инсоннинг қўлидан келса, илм билан шуғулланишдан мароқли ва саодатли иш йўқ. Минг бор шукур, Яратган мамлакатимизни олимлар масаласида роса сийлаган. Демак, мақсадимизга эришишимизда Ренессансга элтувчи машаққатли йўлда қўлимиздан етакловчи мўътабар зотлар билан яқиндан дўстлашиш, Ватан равнақи йўлида жипслашиш қолди. Халқ интилиши ва давлат интилишининг уйғунлигига эришиш қолди. Элимизда “Ишончга сазовор бўлдингми, уни оқла”, деган гап бор. Яна “Неча ёшга кирганингга исбот бор. Яшаганингни нима билан исботлайсан?” ҳам дейишади.
Шу охирги саволга ҳар биримиз жавоб излашимиз шарт. Олимлик мартабасини янада юксалтириш, илм-маърифат масканларини муқаддас деб билишга барчамиз масъулият билан ёндашишимиз шарт ва зарур.
Мурожаатнома
Мурожаат илм аҳли сафига тўлақонли қўшилганимдан сўнг “вазифангни бажар”, дегандек безовталантирди. Ҳадиксираб қалам қимирлатганим рост. Шу боис матнда фақат ишончли манбаларга мурожаат қилдим. Оқсаётганимизнинг объектив ва субъектив сабабларини ҳам атрофлича таҳлил қилишга интилдим. Ҳатто кейинги 500 йилда илмдан узоқлашишимизни Буюк ипак йўлининг ёпилиш сабаблари билан боғлиқмикан, деб ўйладим. Маблағсиз аввал ҳам, ҳозир ҳам ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини тарих исботлаган.
Мустақиллигимизга беписандларни сўзимнинг бошида озгина эслаганим бежиз эмас. Нега бу омил “акс” ишлаши керак? Ҳаммамиз бер-берга ўрганиб қолганмиз. Давлатдан олиш учун олдин унга бериш керак. Беролмаслигинг тайин бўлса, ҳеч қурса, беҳуда “тош отма”! Дастлабки хулоса, давлатни бой қилиш, давлатни буюк қилиш пировард мақсадимиздир. Давлат илмни рағбатлантирувчи бош восита. Очиқчасига айтаман, давлатпарварман. Давлатсиз халқ бўлмайди. Миллат буюк бўлиши учун давлат буюк бўлиши керак. Оддий мисол, мутафаккир Алишер Навоий буюк Амир Темур империясининг маҳсули. Унинг асарлари Соҳибқирон давлатининг таъсирида яратилган.
Барчамиз унутиб улгурган, мусулмонларнинг биринчи Ренессанси вақтида дунёни забт этган, лол қолдирган юзлаб мутафаккирларни заминимиз тарбиялаб етиштирди. Бугун Ўзбекистоннинг ҳар бир олийгоҳи учинчи Ренессанс такомилини таъминлаб бера оладиган катта илмий салоҳиятга эга. Унга истеҳзо билан қараётганлар четга чиқсин.
Сев, авайла, асра Ўзбекистонни!
Жамият тараққиётини таъминлаш, энг аввало, илм соҳибларининг фидойилигига, ватанпарварлигига боғлиқ. Имконият борида ғайрат отини қамчилаш керакки, илмнинг етиб борилмаган чўққиларини эгаллаш, аждодларимиздек ғайрат-шижоат билан тадбир кўриш бизни юксакларга олиб чиқсин.
“Президентнинг Ренессанс, маънавий юксалиш ҳақида айтаётган фикрлари, мурожаатлари сиёсий популизм эмас, балки фундаментал асосга, аниқ режага асосланган қоядир”. Насиб этса, кўп ўтмай дастлабки натижалар қад ростлайди. Бу жараён умумхалқ ҳаракатига айланаётганига ишора.
Ижтимоий тармоқларда билдирилаётган илиқ фикрларни ўқияпмиз. Жараёнда “олимман” деганларнинг барчаси иштирок этиши шарт. “Кузатувчи” қаламкашларимиз ҳам жараёнга қўшилсин, уларнинг ҳам таклифлари Ватан учун аҳамиятли. Жараёнга фидойи олимларимизни тобора кўпроқ чорлаб, пировардида, учинчи Ренессанс нафаси барча даргоҳларга янада кучлироқ кириб боришига эришиш бош режада ўз аксини топган.
Маълумки, ҳаётимизнинг барча жабҳалари давлат бошқаруви тузилмаларига тақсимланган. Эгаси аниқ вазирликлар ва уларнинг тузилмалари. Келажагимизни уйғониш даври билан боғлайдиган, мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қиладиган давлат идоралари доимо сергак, ташаббускор бўлишлари керак. Фақат бу жараёнда тўғаноқ, жамоатчиликни чалғитаётган қусурларни бартараф этиб ҳаракатланиш лозим. Қайта-қайта, бир хил хатони такрорлашдан уялмаймиз. Лекин олимларнинг хулосаларини, илмий ишланмаларини сўрашдан уяламиз. Учинчи Ренессанс одимлашига асосий тўсқинлик шу.
“Эгри иш эллик йилдан кейин ҳам эланар”, деган ҳаётий ҳақиқат бор. Юқорида эслатганимдек, “Яшаганимизни нима билан исбот қиламиз?”. Ваҳоланки, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, биз шиддат билан кириб бораётган жамиятга истеъмолчи бўлиб эмас, ихтирочи бўлиб қадам босишимиз зарур.
Таклифлар, истаклар
Аввало, илм-фаннинг оммабоп тилда оммага кириб боришига эришишимиз лозим. Тўғриси, бизда кўп ҳолларда унинг тескариси бўлади – фанда энг осон иш тушунтиришларни қийинлаштириш, энг қийин иш уларни осонлаштириш.
Илм-фанга ҳурмат-эътибор билан бир қаторда, омма иштирокидаги илмий баҳс-мунозаралар ҳам анъанага айланишини таъминлашимиз керак.
Биздан кейинги авлод сунъий интеллект билан ишлайди. Шу жараёнда жилов олимларимиз қўлида бўлишига эришайлик.
Ёшларимизни эскича фикрлайдиган кишиларнинг гапларини шубҳа остига олиб, эркин тафаккур қилишга ўргатайлик.
Билим, кўникма ва малака орттириш жараёнини мустаҳкамлаш учун болаларимиз мурғаклигиданоқ тажриба қилишга ўргатиш, ҳар бир дарс мавзусини атроф-муҳитдаги ҳаётий мисолларга боғлаб ўтиш механизмларини ишлаб чиқиш ҳаётий заруратдир.
Жамиятда, ўзаро муҳокамаларимизда ҳам илмга ишора билан суҳбатлашиш замонавийлик, маданиятлилик белгиси, этикетига айланишига эришишимиз керак.
Олимларимиз жамиятдан, вазирликлардан буюртма олиб, у ёки бу қусурларни аниқлаб бартараф қилишга қаратилган тизимли илмий изланишларни амалга ошириши зарур.
Учинчи Ренессанснинг тамал тошидан юксалиб боришигача бўлган жараённи битта тизимга солиш, ижроси ҳақидаги маълумотларни белгиланган муддатларда очиқлаб бориш, илмга ошно қатламни жамиятимизда кўпайишни таъминлаш талаб этилади. Олимларимизнинг иштиёқ ва қизиқишига тўсқинлик, фойдали иш қилишининг олдини тўсиш хиёнат деб баҳоланиши лозим. Бу борада елкани қисиб эмас, елкани елкага бериб ишлаш керак.
Илм – бу кашфиёт, ишчи ўрни, обрў-эътибор, мавқе. Шу муҳитда бўлишнинг ўзи ўқишга, билишга эҳтиёжни уйғотади, иштиёқни оширади. Мактаб билан олийгоҳ ва жамият ўртасида мана шундай ҳамма ҳам илғамайдиган боғлиқлик бор.
Баъзида яшаш, ишлаш қийиндек туюлади. Тўғри, осон ишнинг ўзи йўқ. Бугунги кунда илмсизликка чўмган халқлар тушкунликка батамом тушиб бўлган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев илм пойдеворини, Ренессанс қад кўтариши учун барча муаммоларни ечиб берган. Давлат ва халқ ягона тана – фикрий бирлик бўлиб улгурган.
Бирор ишни режалаштирар эканмиз, уларни амалга ошириш учун турли хаёлларга борамиз. Баъзида хаёлот кучи билимдан ҳам кучли бўлади. Ўзбекистонни асраш, авайлаш ва севиш вужудимизни эгалласагина олимлик чегара билмас даражадаги ихтиролар билан, ҳар кунимиз соатимиз ижобий натижалар билан тўлиши турган гап.
Маҳмуд БОБОЁРОВ.