Олим таклиф беради: Болаларни интеллектуал қобилиятига қараб ўқитайлик, касб-ҳунар ўргатайлик!

Ҳар йили ёзда тест синовларида ва яхши ўқийдиганларни ажратмасдан ўтказилган халқаро рейтингларда таълимдаги ишларнинг натижаси яққол кўринади. Тўртта-бешта ўқувчининг четдаги ва мамлакат ичидаги кучли олий ўқув юртларига кириши таълимдаги реал аҳволдан дарак бермайди.
Чунки 37 миллионли халқ орасида ҳамма вақт табиий талантлар ва уларнинг орқасида турган кам сонли ота-оналар ҳамда ўқитувчилар ҳам бўлади. Бу уларнинг биргаликдаги меҳнати натижаси.
Бу соҳада қаерда хатога йўл қўяяпмиз, вазиятни яхшилаш учун нима қилиш керак? Катта маблағ ва қарийб 20 йил вақт кетган академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари нима учун кутилган натижани бермади? Бу саволларга аниқ жавоб борми?
Агар мустақилликка эришганимиздан бери барча таълим соҳаларининг “тарихи”, бугуни ҳар томонлама, чуқур ўрганилмас экан, бу саволларга жавоб ҳам бўлмайди. Жавоб ва ўшанга яраша иш бўлмаса, тўғри йўлдан кетяпмизми ёки яна адашяпмизми, уни баҳолашнинг ҳам имкони бўлмайди. Катта эътибор қаратилган соҳанинг камчиликларини ўрганишга, таҳлил қилишга, хулоса чиқаришга, тузатиш учун тегишли қарорлар қабул қилиб, уларни амалга оширишга эътибор бериляптими? Менимча, айнан масаланинг шу томонига етарли эътибор йўқ, бўлганда, вазият бундай бўлмасди.
Нима қилиш керак?
Мактаб ва олий таълимда ўз фикрига эга бўлган ва уни айтган, матбуотда ёзган, тўғридан-тўғри ўқувчи ва талаба билан ишлаётган 25-30 та табиий фанлар бўйича илғор педагоглардан ташкил топган таълимни ўрганиш институти очиш керак. Институтнинг вазифаси материал тайёрлаб, СКОПУСга мақола ёзиш эмас (материал бўлдики, мақола ўз ўзидан бўлади), балки таълимнинг ҳақиқий аҳволини доимий равишда ўрганиб боришдан, унинг натижаларига кўра асосий камчиликларни аниқлашдан ва уларни бартараф этиш бўйича ўқитувчиларга ва тегишли органларга тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлади. Т.Қориниёзов номидаги педагогика илмий тадқиқот институтини ҳам шу институтга қўшиб юбориш мақсадга мувофиқ бўлади.
Институтнинг ҳамма ходими Тошкентда ишлаши шарт эмас, чунки ўрганиш объекти бўлган мактаблар ва бошқа таълим даргоҳлари республикамизнинг ҳамма вилоятларида бор. Институтнинг асосий функцияси назорат қилиш эмас, балки аҳволни узлуксиз ўрганиб боришдан иборат бўлиши ва бунинг учун у тамоман мустақил бўлиши керак. Чунки биринчидан, мактабга ёки ОТМга назоратчи борганда суҳбат бошқача, ўрганувчи борганда эса бундан тубдан фарқ қилади.
Таълимни ўрганиш институти зарур ва керак эканлигини исботловчи (кўрсатувчи) бир нечта мисоллар келтираман. Нима учун баъзи катта шаҳарларда рус мактабларининг сони кўп, яъни рус тилида гаплашадиган аҳолининг сонига пропорционал эмас? Нима учун аҳоли ўз фарзандини рус тилидаги мактабда ўқитишни хоҳлайди? Ўзбек бўла туриб, фарзандини рус мактабларида ўқитаётган ота-оналарнинг фикри қандай, уларнинг кўпчилиги қайси табақага (камбағал, ўрта, бой, зиёли) мансуб? Улар ўзбек тилидаги мактаблардан нима учун норози? Бу масала кўтарилганда ижтимоий тармоқларда доим бунинг сабабларини эшитмасдан, ўрганмасдан, бир-биримизга “тош” отишни бошлаймиз. Лекин улар ҳам бизнинг миллатдошларимиз, фуқароларимиз, улар ҳам фарзандларини яхши кўради, яхши билим олишини хоҳлайди. Иккала мактаб ҳам бизники, иккаласининг ҳам ижобий ва салбий томонларини ўрганайлик, ижобий томонини қабул қилиб, ўзлаштирайлик. Шунда улар ҳам ўз фарзандларини ўзбек тилидаги мактабларга беради.
Ўзбек тилидаги мактабларда математика, физика, кимё фанларини ўқитаётган ўқитувчиларнинг қанча фоизини аёллар ташкил қилади? Ўз фани бўйича уларнинг саводи қандай, дарсга нормал тайёргарлик кўриш учун имконияти борми? Ўзбек аёлларининг аксарияти 4-5 соат мактабда ишлаб келиб, уй рўзғор ишлари билан банд. Бу ишлардан кейин дарсга тайёргарлик кўриш учун неча соат вақт қолади ва бу вақт етарлими? Малакасини, билимини ошириш учун-чи? Математика ва физикадан дарс бераётган аёл ўқитувчилар бир кунда ўтадиган ҳар бир дарс учун 5-6 масала, мисол ечиб бориб, уни ўқувчига ўргатадими?
Касб-ҳунар коллежларига миллиард-миллиард сўмлик асбоб-ускуналар, ҳатто баъзиларига маълум маҳсулот ишлаб чиқарадиган технологик ускуналаргача олинди. Ҳатто университетларда бўлмаган 200 га яқин қимматбаҳо OPTIZEN III спектрофотометрларнинг 90 фоизи ҳам асосан касб-ҳунар коллежларига берилди. Лекин уларнинг кўпчилиги ишлатилмади, ишлатилганларининг фойдали иш коэффициенти кам бўлди.
Ўқувчини билимга ва касб-ҳунарга ўргатиш, бу - доимий иш. Шунинг учун, бу масалаларни ўрганишнинг кечи йўқ. Уларни узлуксиз ўрганиб бориш, қайси ишни олдин, қайсини кейин ва ишнинг қайси қисми кимнинг вазифаси эканлиги, қайси босқичида қандай харажат борлигини аниқлаб, уни оптимал даражада амалга оширишга имкон беради. Лекин бу масалалар ҳозиргача ўрганилгани йўқ.
Бундан 6-7 йил олдин ўнга яқин илғор университетларга Канаданинг “AURORA” ширкатида ишлаб чиқарилган нархи 83000 евро бўлган AI 1200 маркали атом абсорбцион спектрометр сотиб олинди. Шундан бери уларнинг бирортаси ишлатилмайди. Асосий сабаб уни биладиган мутахассиснинг йўқлиги, тайёрланмаганлиги, иккинчиси унга малакали техник хизмат кўрсатадиган, ишлашни ўргатадиган, бузилганда тузатадиган саводли мутахассис тайёрланмаганлигида. Шу университетларнинг бирортасига масалан, Миллий университетга тажрибага эга бўлган, яъни спектрал асбоблар билан ишлаган физик ёки мухандисни ишга олиб, унга яхши ойлик тўлаб, асбобда ишлашни, техник хизмат кўрсатишни, созлашни ўрганиб келиш учун Канадага (ёки шу асбобларга хизмат кўрсатадиган бошқа мамлакат ширкатига) юбориб тайёрлаганда эди, у Тошкентда бошқаларга ўргатарди, асбоб-ускуналарни ишга туширарди. Ахир гап камида 1 миллион долларга сотиб олинган яхши асбоблар ҳақида боряпти. Бунга ҳам мен ўзим гувоҳ. 2000 йилда келтирилган бу асбоб коллеж ва лицейларнинг кимё кабинетларига берилди. 30 га яқин кимё ўқитувчиси Тошкент Педиатрия институтининг академик лицейида 5 кун асбобда ишлашни ўрганди. Уларнинг орасида камина ҳам бор эди. Раҳбарларнинг режасига кўра, барча вилоятлардан борган ўқитувчилар асбобда ишлашни ўрганиб ўзининг вилоятидаги бошқа ўқитувчиларга ўргатиши керак эди. Беш кунлик ўқишнинг мутлоқо фойдаси бўлмади. Чунки турли ОТМларни битирган кимё ўқитувчилари ўқиган вақтида бунга ўхшаш асбобларни кўрмаган, билмаган, спектроскопия, электромагнит нурларнинг модда томонидан ютилиши, ютилишнинг миқдори ва концентрaция орасидаги боғланиш бўйича элементар тушунчага эга эмас эди. Самарқандда мен ҳам 17 ўқитувчини ўқитдим, юқорида айтилган сабабларга кўра уларнинг аксариятининг саводи чиқмади. Бунинг асл сабаби ушбу асбоб, университетларнинг 3-4 курс талабаларига мўлжалланган ва у ерда ўтиладиган фанларнинг дастурига кирган эди. Ушбу асбоб ва у билан боғлиқ мавзу лицей ва коллежларнинг кимё фани дастурида йўқ эди. Буни ҳамма ўқитувчилар айтишди. Бундай вақтда масала етарли даражада ўрганилиши ва унинг натижаларини ҳисобга олиб шунга яраша чора тадбир кўриш керак эди. Шундай қилиб, Олий таълим вазирлигининг айби, қуйи раҳбарларнинг томошабинлиги, бефарқлиги, ожизлиги, саводсизлиги ва масъулиятсизлиги оқибатида қарийб бир миллион долларга сотиб олинган спектрофотометрларнинг бирортаси иштилмасдан адо бўлди. Бу каби воқеаларнинг сабаблари ўрганилмаса, бундай ишлар яна бўлади. Юқорида айтган AI 1200 атом абсорбцион спектрометр воқеаси бундан кейин бўлди ва ҳозир ҳам шунга ўхшашлари бўлаяпти. Масалан, университетларга жумладан СамДУга Shimadzu ширкатининг замонавий XRD-7000 маркали рентген дифрактометри сотиб олинган, лекин уни ишлатиб натижа оладиган, қайта ишлайдиган, шарҳлайдиган, илмий мақола ёки ҳисобот кўринишда тайёрлашгача бўлган ишларни қилишга ёрдам бера оладиган мутахассис йўқ, тайёрланмаган. Бундай масалаларда аҳвол ҳамма жойда бир хил.
Абдулла Қувватов,
СамДУ доценти.
(Давоми бор)