10 нафар ўқитувчиси 1000 доллардан ойлик оладиган мактаб

Пайариқдаги 53-мактаб туман марказидан анча олисда, Каттасайдов қишлоғида жойлашган, аммо бу шаҳарлардаги энг яхши таълим муассасаларидан қолишмайди.

Биринчилар қаторида

Яратилган шароит ва ундан унумли фойдаланаётган ўқитувчилар ҳамда ўқувчиларнинг саъй-ҳаракати натижасида мактаб бир неча йилдирки, рейтинг кўрсаткичлари бўйича туманда биринчилар қаторидан ўрин олиб келяпти.

-  Бундан 5-6 йил илгари биноларимиз жуда кўримсиз аҳволда эди, - дейди мактаб директори ўринбосари Комил Низомов. - 2019 йилда ҳомийлик ҳисобидан мактаб қайта қурилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Бугунги кунда 570 ўқувчига 48 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бериб келяпти. Устозларнинг қарийб 50 фоизи - олий тоифали. 10 нафари турли халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлиб, давлатимиз раҳбари айтганидек, ҳар бири минг доллар атрофида ойлик олади.

 Олий таълимга кириш кўрсаткичи – 100 фоиз

3 йилдан бери мактаб битирувчиларини олий таълим муассасаларига қамров кўрсаткичи 100 фоизни ташкил этяпти.

- Ҳам жисмоний тарбия ўқитувчисиман, ҳам бир синфга раҳбарлик қиламан, - дейди Муҳаммад Очилов. – Мен раҳбарлик қилган синф ўқувчилари бундан икки йил илгари мактабни муваффақиятли тамомлади. 25 нафар битирувчининг 24 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Бир нафари хусусий олий ўқув юртида таҳсил оляпти. Айни пайтда 7-синф ўқувчиларига раҳбарлик қиляпман. Уларнинг барчаси нуфузли давлат олий таълим муассасаларига киришни мақсад қилган. Бу йўлда мен ҳам уларга қўлимдан келганча кўмагимни, маслаҳатларимни аямайман.

 

Қўшимча тўгараклар мутлақо бепул

Таълим муассасасида дарслар бир навбатда ташкил этилиб, ўқувчилар куннинг иккинчи ярмида қўшимча тўгаракларга жалб этилади.

Ҳам ота-она, ҳам устоз сифатида мактабдаги дарс жараёнларини кузатиб бораман, - дейди Муҳаммад Очилов. – Ўқувчиларнинг аксарияти кеч соат 18:00 гача мактабда бўлади. Улар шу ерда, қўшимча тўгаракларда ҳам эртанги уйга вазифани бажариб кетади, ҳам турли сертификатлар олиш, олий ўқув юртига кириш учун тайёргарлик кўради. Қўшимча тўгараклар малакали устозлар томонидан бепул ўтилади. Нега бепул? Устозлар, аввало, ўз устида ишлаганлиги, қолаверса, ўқувчиларининг муваффақиятга эришаётганлиги учун ҳам бериладиган қўшимча устама маблағ ҳисобидан катта суммада ойлик олади. Шунинг учун ҳам мактабимиздаги ҳар бир ўқитувчи виждонан меҳнат қилади. Ҳали яқиндагина иш бошлаган ёш, шижоатли ўқитувчилар бор. Улар ҳам мактабдаги тажрибали устозлар изидан боряпти.

 Ўқитувчилар танлов асосида қабул қилинади

Мактаб янги, замонавий биноларга эга бўлгандан кейин таълим сифатини ҳам шунга мос қилиш учун ҳар бир ўқитувчи синовдан ўтказилиб, ишга қабул қилинди. Жамоа ҳам деярли янгиланди.

- Аввалги жамоадан бор-йўғи 3 киши қолди, - дейди мактаб директори ўринбосари К.Низомов. – Синовдан муваффақиятли ўтган ёш, билимли, ташаббускор ўқитувчилар иш бошлади. Шунингдек, ўқувчиларимиз ҳар чоракда махсус тест синовларидан ўтказилади. Натижага қараб уларни “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратамиз. Яхши ўзлаштираётганларни рағбатлантирамиз, орқада қолаётганларга алоҳида эътибор қаратиб, қўшимча машғулотлар ўтамиз. Уларнинг кўрсатаётган натижаларига қараб устозлари ҳам баҳоланади. Шунингдек, ҳар бир синфхонада ҳам тасвир, ҳам овоз ёзиб олувчи камералар ўрнатилган. Бу ҳам таълим сифат ва самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатяпти.

 Шогирд устоздан ўтмаса...

Мактабда миллий ва халқаро сертификатларга эга бўлаётган ўқитувчилар сафи йилдан-йилга кенгайиб боряпти. Уларнинг бири  она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ситорабону Ўроқбоевадир.

- Шу мактабда дарс бераётганим билан фахрланаман, - дейди у. – Ўқувчиларимиз билимга чанқоқ. Ҳатто устозлардан қолишмасликка, турли юқори даражали сертификатларни қўлга киритишга ҳаракат қилаётган шогирдларимиз кўпчиликни ташкил этади. Аввало, биз, ўқитувчиларнинг ота-оналар билан ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилган ва бу ўз натижасини кўрсатяпти. Ўқувчиларни қизиқишига қараб, тўгаракларга жалб қиламиз. Мен “Ёш адабиётшунослар” тўгарагига раҳбарлик қиламан. Унда 20 нафарга яқин ўқувчи қатнашади. Шогирдларимнинг бошқа тўгаракларда қай даражада қатнашаётганини ҳамкасбларимдан сўраб тураман. Уйда бўш вақти қандай ўтаётганлиги ҳақида уларнинг ота-оналари хабар бериб туради.

 “Дугоналари йўқ ўқувчи”

10-синф ўқувчиси, “Ёш адабиётшунослар” тўгараги аъзоси Нигина Бўлтакова томонидан ёзилган бир ҳикоя ана шундай номланади. Бош қаҳрамон бўлган ўқувчи қиз дугоналари билан баъзида кўнгилочар тадбирларга, сайр қилиш учун истироҳат боғларига, турли тамаддихоналарга бора олмагани учун камситилади. Шунда у маишатпараст дугоналаридан воз кечиб, бўш вақтини қўшимча тўгаракларда билим олишга сарфлайди. Натижада синфдош дугоналари орасида ёлғиз ўзи талаба бўлиш бахтига муяссар бўлади.

Мактабда ижодкор ўқувчиларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Вақти-вақти билан таниқли шоир ва ёзувчилар таклиф этилиб, ўқувчилар учун маҳорат дарслари ташкил этилади.

- Устозимиз Ситорабону Ўроқбоева тўгарак машғулотларида бизга адабиёт назарияси, шоир ва ёзувчилар ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотлар беради, - дейди Н.Бўлтакова. – Машғулотлар давомида ўқиган китобларимизни, ёзган машқларимизни муҳокама қиламиз. Шеър ва ҳикоя ёзиш сирларини ўрганамиз. Бу тўгаракда ҳам қаламимиз чархланяпти, ҳам олий таълим муассасасига кириш учун тайёргарлик кўряпмиз.

Шу қишлоқ мактабида таълим-тарбия олаётган ёшлар орасида нуфузли танлов ғолиблари, спорт чемпионлари бор. Ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида турли клублар фаолият олиб боради. Хуллас, бу мактабни бошқа айрим таълим муассасаларига ўрнак қилиб кўрсатса арзийди.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов (фото).