“Беҳбудий” драмаси: Маърифатпарварлик руҳига бағишланган асар халқаро мукофотга лойиқ кўрилди

"ТУРКСОЙ" халқаро туркий маданият ташкилоти бош котиби Султон Раев ёзувчи, шоир ва драматург Фармон Тошевни ташкилотнинг махсус дипломи билан тақдирлади.

Бу эътироф муаллифнинг “Беҳбудий” номли драмаси учун берилди. Асар буюк маърифатпарвар, жадидчилик ҳаракатининг йирик вакилларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан яратилган. Драмада нафақат юртимизнинг, балки бутун туркий дунё маданияти ва тарихининг умумий илдизлари, маърифат ва эркинлик ғоялари ёрқин ифода этилган.

Шунингдек, яқинда Самарқанд вилояти мусиқали драма театрининг ижодий жамоаси ушбу спектаклни Туркиянинг бир нечта шаҳарларида намойиш этиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Бу тадбир нафақат театр санъатининг халқаро майдондаги ютуғи, балки туркий халқларнинг маданий алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.