Касбий таълим соҳасида хитойликлар билан ҳамкорлик келишувлари имзоланди

Яқинда вилоят олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси делегацияси Хитой Халқ Республикасида бўлиб қайтди.

Делегация вакиллари Хитойнинг Пекин ва Гансу вилоятларида касбий таълимни халқаро стандартларга мослаштириш, замонавий ўқув моделларини жорий этиш ҳамда илғор тажрибаларни ўрганиш бўйича қатор муҳим келишувларни амалга оширди.

Делегация дастлаб Пекинда ўтказилган “Belt and Road” доирасидаги CACIE 2025 халқаро таълим конференциясида иштирок этди. Конференцияда “Касбий таълимни халқаро даражада ривожлантириш ва юқори малакали кадрларни тайёрлаш” мавзусида муҳокама олиб борилди. Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида касбий таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Шу жумладан, Ўзбекистон-Хитой қўшма таълим марказларини ташкил этиш, “2+1” халқаро ўқув модели асосида мутахассислар тайёрлаш, ўқитувчи ва мутахассисларни халқаро малака ошириш дастурларига жалб этиш ҳамда WorldSkills Asia доирасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Бошқармалар ўртасида таълим муассасаларини замонавий техник база ва VR/AR лабораториялар билан таъминлаш зарурлиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Тадбирлар давомида вилоят олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси, Хитойнинг Sunmaker Training институти ҳамда CIIC International Education Technology (Beijing) Co., Ltd. ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандум рақамли касбий таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, замонавий ўқув материалларини ишлаб чиқиш ва WorldSkills стандартларига асосланган ўқув марказларини ташкил этишни назарда тутади.

Ҳамкорлик доирасида 12 йўналиш бўйича рақамли ўқув ресурсларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Ушбу йўналишлар қаторига қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, энергетика ва материаллар, қурилиш, ишлаб чиқариш, тўқимачилик, озиқ-овқат ва фармацевтика, соғлиқни сақлаш, транспорт, электроника ва ахборот технологиялари каби соҳалар киради. Шунингдек, икки давлатда онлайн ва офлайн форматда тренинглар ва семинарлар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Делегация аъзолари Гансу қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ҳамда Гансу алоқа касб-ҳунар коллежи фаолияти билан яқиндан танишди. Бу коллежлар Хитойда аграр таълим ва инновацион технологиялар бўйича етакчи муассасаларидан бири ҳисобланади. Самарқанд вилояти делегацияси Гансу вилоятидаги ушбу таълим муассасаларининг тажрибасини ўзбек касбий таълим тизимини модернизация қилишда қўллашни мақсад қилмоқда.