Турмуш чорраҳаларида: Бир сафар, икки тақдир

Самолёт учишига ҳали анча вақт бор эди. Назиржон кутиш залида ўриндиқда сафар халтасига ёнбошлаб мудраётган йигитнинг ёнига бориб ўтирди.

- Кечирасиз, - йигит кўзини очиб, сафар халтасини тиззасига олиб, сурилди.

- Ватанга бирга учар эканмизда? - Назиржон унга кулиб разм солди: “Афтидан анча қийналган одамга ўхшайди”.

- Насиб бўлса, тўрт соатдан кейин Самарқандда бўламиз, - йигит истамайгина жавоб берди.

- Танишайлик, исмим Назиржон, - у қўлини йигитга узатди. - Гурунглашиб кетамиз. - Хомуш йигитнинг сал чиройи очилди.

- Мен Фозилман, - йигит ҳам Назиржоннинг қўлини олди.

- Ана энди, гапиринг, - деди Назиржон кулиб. - Қай юмуш билан, қачон келгандингиз, сафар қандай кечди?

- Эй, бунинг тарихи узун, - деди Фозил истамайгина.

- Ўзингиз-чи?

- Халқаро конференцияга таклиф қилишганди. Қатнашиб кетяпман. Ўзбекистон ҳақидаги маърузамни қизғин қабул қилишди. Хурсанд бўлиб қайтяпман, - деди Назиржон.

- Кечирасиз, ёшингиз нечада?

- Ўттизда, - деди Назиржон. - Нега сўраяпсиз?

- Шунчаки қизиқдим-да, тенгдош эканмиз, олиммисиз?

- Шундай десак ҳам бўлади, яқинда докторлик диссертациямни ёқладим, университетда ишлайман, - деди Назиржон ўнғайсизланиб. - У мақтанишни ёмон кўрарди.

«Сен-чи? Сен кимсан?». Фозил ўкинч билан ўтмишини кўз олдига келтирди. Университетда олди талабалардан эди, учинчи курсга ўтганида Салимга қўшилди-ю йўлдан озди. Салим курсдоши бойваччанинг ўғли эди. Ҳашаматли уйда ижарада турарди. Ўқишга қимматбаҳо машинада келар, пулдорлиги билан йигит-қизларнинг кўзини куйдирарди.

- Дўстим, қўй ўша ётоқхонангни. Кел, ижарада бирга турамиз. Пулини ўзим тўлайман, - деди учинчи курсга ўтишганида Салим.

Фозил келажакда олим бўлишни орзу қилар, илмий тўгаракларда фаол иштирок этарди. Газета-журналларда чиққан мақолалари билан талабалар орасида тилга туша бошлаганди. Ўқиш, изланиш, дарс тайёрлаш учун ижарада туриш маъқул туюлди. Ҳарҳолда ётоқхонадаги шовқин-сурондан тинч, ҳеч ким безовта қилмайди… Рози бўлди.

- Университетни битиришимизга бир йил қолди, - деди Салим. - Шунча ўқиганинг етмайдими? Қўй, китобдан бошингни кўтар, жўра, кетдик, ўтир машинага, жононлар кутишяпти. Беш кунлик дунёда яйраб қолайлик…

Фозил Салимнинг домига тушиб қолганини сезмади. Унинг базми жамшидлари Фозилни ром қилди. Энди олдинги ўқишга ҳаваслари сўна бошлаган, дарсларга қатнашиш ҳам малол келадиган бўлди. Охирги курсга ўтиш насиб этмади, жуда кўп дарс қолдирилганди. Салим ҳам, Фозил ҳам университетдан ҳайдалди. Кўп ўтмай, Салим қилган бир жинояти учун қамалиб кетди. Ичкиликка берилиб, хароб бўлган Фозил кўча-кўйда, бозорларда дайдиб юрди. Мана, энди чет мамлакатда жаннат қидириб санқийди. На оила, на бола-чақа бор. Бир амаллаб уйланганди, аҳволини кўриб, хотини ҳам ташлаб кетди. Дарбадарлик ҳукмини ўтказди, соғлиғидан айрилиб, юртига қайтяпти. Нега ўшанда Салимга қўшилди, нега ўқишдан воз кечди? Агар тўғри йўлдан озмаганида ҳозир Назиржон каби олим бўлмаса ҳам, одам бўлиб юрмасмиди?..

- Фозил, сизга нима бўлди. Хаёл суриб қолдингизми ё тобингиз қочдими? - Назиржон унинг қўлтиғидан олди. - Туринг, вақт бўлди, самолётга чиқамиз…

Тоғаймурод Шомуродов.