Германиянинг нуфузли "Masche" журналида Самарқандда ўтган халқаро тўқимачилик конференцияси ҳақида мақола чоп этилди
Германия Тўқимачилик саноати ишлаб чиқарувчилар бош уюшмасининг "Masche" журналида Самарқандда Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилар федерацияси (ITMF) ва Халқаро кийим-кечак федерацияси (IAF) билан ҳамкорликда ўтказилган йиллик конференциясига бағишланган мақола чоп этилди.
Халқаро анжуманда иштирок этган мақола муаллифи Алекса Битцер ушбу нуфузли тадбир жаҳон тўқимачилик саноатининг энг йирик икки ташкилоти билан биргаликда ўтказилгани, Марказий Осиё минтақаси, хусусан Ўзбекистон илк бор ушбу нуфузли тадбирга мезбонлик қилганини алоҳида воқеълик сифатида таърифлаган. "Ушбу 120 йиллик тарихга эга йирик анжуманнинг Ўзбекистонда ўтказилгани мамлакат халқаро тўқимачилик бозорида ўрни ва аҳамияти ортиб бораётганидан далолат беради", – деб ёзган муаллиф.
Қайд этилишича, мазкур нуфузли анжуманда Европа, Осиё ва Шимолий Америкадан 500дан ортиқ етакчи тўқимачилик саноати вакиллари иштирок этди. Тадбир доирасида сунъий интеллект, рақамлаштириш, барқарор ривожланиш, маҳсулотларни қайта ишлаш ва таъминот занжирларини оптималлаштириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Бу мавзулар нафақат бугунги кун талабларига жавоб бериш, балки соҳанинг келгусидаги ривожланиш йўналишларини белгилаш учун ҳам аҳамиятли бўлди.
"2017 йилдан буён Ўзбекистонда тўқимачилик саноатида амалга оширилган чуқур ислоҳотлар натижасида меҳнат шароитлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кўрсаткичлари жаҳон стандартларига мувофиқлаштирилган. Хусусан, мамлакат 2017 йилдан бошлаб ишчи кучи ва меҳнат ҳуқуқларини такомиллаштириш, болалар меҳнатига барҳам бериш ва мажбурий меҳнатга қарши кескин чораларни кўрди. Бунинг натижасида Халқаро меҳнат ташкилоти 2021 йилда Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилганини эълон қилган эди ва 2022 йилда "Cotton Campaign" ташкилоти ўзбек пахтасига нисбатан бойкотни расман бекор қилинди", – дея таъкидланган мақолада.
Мақола якунида, "Бу каби тадбирларнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатнинг глобал таъминот занжирларида барқарор ва рақобатбардош иштирокчи сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораётганидан далолатдир", – деб ёзган "Masche" журнали.