Ўзбекистон Хитой таълим соҳасида ҳамкорлик алоқаларини кучайтиради

Самарқандда II “Таълим, фан ва технологиялар соҳасидаги инновацион ҳамкорлик форуми” бўлиб ўтди.
Форумни олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов очиб берди.
- Сўнгги йилларда биз олий таълим сифатини ошириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциялашуви, академик мобиллик ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, - деди вазир Қ.Шарипов. - Бугунги форум айнан Ўзбекистон ва Хитой минтақалари ўртасидаги илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, таълим тизимида илғор технологиялар ва инновацион ёндашувларни жорий этиш, ҳамда ёшларни замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
Хитой Халқ Республикаси 30 йилдан буён Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори сифатида, таълим ва илмий ҳамкорлик соҳасида ҳам салмоқли қўшма дастурларни амалга оширмоқда.
Бугунги форумда ҳам истиқболли ҳамкорлик битимлари имзоланиши кутилмоқда.
Форумда сўзга чиққан Хитой Халқ Республикаси Шенси провинцияси губернатори Цао Ганг Хитой ва Ўзбекистон қадимдан Буюк Ипак йўли орқали дўстона муносабатлар ўрнатиб келаётгани, кейинги йилларда икки давлат таълим, илм-фан соҳасида ҳам ҳамкорлик битимлари тузаётганини таъкидлади. Бундан кейин фан, таълим соҳасида биргаликда илмий лойиҳалар олиб боришга тайёр эканини билдирди.
Тадбирда Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, энергетика вазирлиги ва Сиан нефть университети ўртасида Ўзбекистонда Сиан нефть университети филиалини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди. Шунингдек, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Сиан халқаро тадқиқотлар университети ўртасида таълим соҳасидаги англашув меморандуми, Самарқанд давлат университети билан Сиан архитектура-технология университети ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик ва алмашинув тўғрисида меморандум имзоланди. Бундан ташқари, икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ўндан ортиқ ҳамкорлик битимлари тузилди.
Форумда икки давлат расмий вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.