Самарқанд шаҳар марказида замонавий “Болалар ва яшил жамоат парки” қурилади

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев ташаббуси билан шаҳарнинг Ўзбекистон кўчасида жойлашган собиқ ҳарбий шифохона (госпитал) ўрнида барпо этилиши режалаштирилган мазкур жамоат парки 5,4 гектар майдонни эгаллайди.

Ҳудуддаги 100 дан зиёд кўп йиллик манзарали дарахтларнинг бирортаси кесилмайдиган ва 5 та маданий мерос рўйхатига олинган бино ва иншоотлар бузилмайдиган бўлди.

- Барпо этиладиган истироҳат боғининг лойиҳасига кўра, дарахтлар тўлиқ сақлаб қолиниб, қўшимча яшил майдонлар барпо этилади, - дейди вилоят бош  архитектори Сайфиддин Нарзиқулов. - Шунингдек, маданий мерос рўйхатига олинган биноларга зарар етказмасдан, ўзининг меъморий қиёфаси ва қурилиш услубини сақлаб қолган ҳолда қайта реконструкция қилиниб, улардан самарали фойдаланиш мақсад қилинган.

Ушбу биноларни қайта таъмирлаш орқали ҳарбий шифохона (госпитал) тарихи ва унинг фаолиятини ёритиб берувчи музей, ёшлар учун замонавий ва рақамли кутубхона, кўп тармоқли ўқув маркази, креатив тўгараклар, сунъий интеллект, 3D моделлаштириш, робототехника ва киберспорт ўйинлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, боғда музқаймоқ павильонлари, ёпиқ ва очиқ аттракционлар, фавворалар, совғалар дўкони, Нуронийлар чойхонаси, турли спорт ва соғломлаштириш масканлари, жумладан, соғлом турмуш маркази, фитнес клуб, шахмат-шашка, воркаут, оранжереялар, аҳоли учун турли дам олиш майдончалари барпо этилмоқда.

- Айни вақтда боғ ҳудудида қурилиш-таъмирлаш ишларида 50 нафардан зиёд қурувчилар меҳнат қилмоқда, - дейди “Cиёб Шавкат Орзу” хусусий қурилиш корхонаси участка иш бошқарувчиси Раҳимжон Раббимқулов. – Икки сменада ишлаётган 15 та махсус юк ташувчи техникалар ёрдамида ерости автотураргоҳ учун пойдевор, боғни суғориш тизимлари ва дренаж иншоотлари учун ҳандақ қазилиб, кунига минг кубометр тупроқ ташиш ишлари бажарилмоқда.

Қурувчилар томонидан янги ўқув марказига айлантириш режалаштирилган маданий мерос объектининг 1630 квадрат метри, Нуронийлар чойхонасининг 1000 квадрат метр том қисми қайта ёпилмоқда.

Замонавий паркда келувчиларнинг мириқиб суҳбатлашиб, дам олишлари учун 12 та айлана шийпонча ва 80 та ўриндиқ ўрнатилади. Бу ишларни Ҳ.Содиқов бошчилигидаги қўқонлик пайвандчи усталар бажаришмоқда. Шунингдек, улар 3 та кириш йўлаклари учун дарвоза ясашни ҳам зиммасига олган.

Аҳолининг Ўзбекистон ва Мирзо Бобур кўчаларидан келиши қулай бўлиши учун 2 та кириш йўлаклари, ерости ва ерусти автотураргоҳлари ташкил этилиши кўзда тутилган.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.