Институт илмий ҳаётида ўз ўрни бор
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 8 ноябрдаги фармони билан Самарқанд давлат чет тиллар институти ташкил этилган эди. Ушбу санага ўттиз йил тўлди.
Самарқанд давлат университетининг чет тиллар факультети негизида фаолият бошлаган институтда тузилган илк ва йирик кафедралардан бири немис тили кафедраси бўлган.
Нега айнан немис тили, деган савол туғилиши табиий. Чунки, собиқ иттифоқ даврида юртимизда хорижий тиллардан немис тилини ўқитишга жуда катта эътибор қаратилган. Бугун таълим муассасаларида инглиз тилини ўрганишга қанчалик устуворлик берилган бўлса, ўша даврда немис тили ана шундай мақомда эди. Шунинг учун ўтган аср олтмишинчи йилларида Самарқанд давлат университети чет тиллари бўлими алоҳида факультетга айланганда ва бу ерда хорижий тил сифатида инглиз, немис, француз тилларини ўқитиш йўлга қўйилганда ҳам немис тили асосий кафедра эди. Табиийки, бу ушбу тилда ўқийдиган талабалар сони кўплиги билан боғлиқ. Немис тили ўқитувчилари талабаларга дарс бериш билан бир қаторда тил ўқитиш методикаси, германистика ва романистика йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот ишларига ҳам жалб этилди ва хорижий тиллар бўйича Самарқанд олимлар мактабига тамал тоши қўйилди.
Шу нуқтаи назардан немис тилининг илмий жиҳатдан ўрганилиши ва бу тилнинг хорижий тил сифатида ўқитилишида институт немис филологияси кафедраси олимлари муносиб ҳисса қўшганлигини эътироф этиш лозим.
Бугунги кунда кафедрада профессор А. Бушуй, Б.Турсунов, Б.Ризаев ва ушбу мақола муаллифлари асос солган “Тилнинг систем-структуравий ва номинатив-коммуникатив тарзда намоён бўлиши”, “Матннинг лингвистик таҳлили”, “Грамматик семантика” илмий мактаблари самарали фаолият кўрсатиб, кўплаб ёш тадқиқотчилар бу мактаблар анъаналарини давом эттириб келмоқда. Бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда кафедранинг умумий илмий йўналиши “Замонавий тилшуносликнинг долзарб муаммолари”, “Немис тили ўқитишда рақамли технологиялардан фойдаланиш” мавзулари ҳисобланади.
Бир неча йилдирки кафедрамиз “Замонавий лингвистик тадқиқотлар: хорижий тажриба, истиқболли изланишлар ва тилларни ўқитишнинг инновацион усуллари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуманларни ўтказиб келмоқда. Илмий ва ўқув-услубий ишлар соҳасида хорижлик мутахассислар билан яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз. Кафедрамиз Германиянинг Ҳеиделберг педагогика университети, Фрайбург, Ҳумболдт, Маинз, Бохум университетлари, Леибниз немис тили институти билан алоқа ўрнатган. 2020-2021 ўқув йилида Бохум ва Вологда университети билан илмий ҳамкорлик йўлга қўйилди. Айни пайтда кафедрада хорижлик мутахассислар – PhD, doktor Манфред Фруҳауф, PhD, doktor Ренате Маргарит Бук ҳамда DAAD лектори Антон Умбах биз билан бирга фаолият олиб бормоқда.
Илмий фаолияти бўйича немис филологияси кафедраси бугун нафақат институтда, балки республика миқёсида ҳам етакчи ўринда туради. Ўтган давр мобайнида кафедра аъзолари орасидан 8 нафар профессор, 20 нафар доцент етишиб чиқди. Биз бундан буён ҳам институт равнақи, талабаларимизнинг етук мутахассис бўлиб етишиши учун бор билим ва тажрибамизни ишга солиб меҳнат қиламиз.
Мухтор Бегматов,
Ашур Яхшиев,
СамДЧТИ немис филологияси кафедраси профессорлари.