Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчилари Монпеле университетида малака оширади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи доирасида Париж шаҳрида “Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон-Франция кўприги” мавзусида халқаро конференцияда ўтказилди.

Конференцияда иштирок этган юртимиздаги олий таълим муассасалари вакиллари француз ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашиб, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришди.

Жумладан, Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Баҳодир Холиқов Франциянинг Пол Валери номидаги Монпеле университети фаолияти билан танишиб, Монпеле университети ректори Анне Фраиссе хоним билан музокаралар олиб борди.

Учрашув чоғида иккала таълим муассасаси ўртасида илм-фан ва таълим соҳасида ҳамкорликда ишлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар якунида имзоланган ҳамкорлик шартномасига мувофиқ Европа Иттифоқининг Erasmus+ дастури Key Action 1 гранти ёрдамида 2027 йилгача бўлган муддатда Самарқанд давлат чет тиллар институти ва Монпеле университети ўртасида 7 нафар талаба ҳамда 6 нафар профессор-ўқитувчининг академик мобиллиги амалга оширилиши белгиланди.

Анне Фраисси хоним Самарқанд давлат чет тиллар институти Монпеле университетнинг Ўзбекистондаги биринчи ҳамкори бўлганидан хурсандлигини билдирди.

Бундан аввал мазкур анжуман доирасида Самарқанд давлат чет тиллар институти ва Франциянинг француз тилини ўқитиш инновацион методик Маркази (KOKORO Lingua) ўртасида Ўзбекистондаги мактабгача таълим ташкилотларида француз тилини ўқитишни ривожлантиришда инновацион методларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик битими имзоланганди.