Дўстлик орқали юксалаётган таълим

Юртимиздаги кўплаб олий таълим муассасалари қаторида Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳам Италиядаги университет ва институтлар билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Хусусан, Сиена хорижликлар университети, Флоренсия университети, Ка-Фоскари университети (Венеция), Наполи Шарқшунослик университети, Перуджия хорижликлар университети билан илмий-педагогик алоқаларимиз йил сайин ривожланиб бормоқда.
2005 йилдан буён институтимизда итальян тили йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Ҳозирда мазкур йўналишда 168 нафар бакалавр, 3 нафар магистр таҳсил олмоқда. Шунингдек, 190 нафардан ортиқ талаба итальян тилини иккинчи чет тили сифатида ўрганмоқда. Институтда итальян тилига бўлган бундай қизиқиш, албатта, икки давлат, икки халқ ўртасидаги ҳамкорлик ва маданий яқинликнинг мевасидир.
1999 йилдан Италия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан муассасамизда “Итальян тили ва маданияти маркази” ташкил этилган. Бу марказда Италиядан келган профессор-ўқитувчилар институтдаги ҳамкасблари билан биргаликда фаолият олиб бормоқда.
Элчихона томонидан кўрсатилаётган доимий кўмак ва грант дастурлари олийгоҳдаги бу йўналишнинг ривожида муҳим омил бўлмоқда. 2020–2021 ўқув йилида 170,5 миллион сўм, 2022–2023 ўқув йилида эса 10 минг евро миқдоридаги беғараз грантлар ажратилди. Ушбу маблағлар дарслик ва ўқув қўлланмалар харид қилиш, ўқитувчиларни рағбатлантириш ҳамда таълим сифатини оширишга йўналтирилди.
Ҳар йили талабаларимиз Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ўтказиладиган “Итальян тили нотиқлик санъати” танловида фаол иштирок этиб келмоқда. Ғолиблар ва фаол иштирокчилар Италия университетларида малака ошириш ҳамда қисқа муддатли стажировкаларда қатнашиш имконига эга бўлмоқда. Бундай ташаббуслар ёшларимизда халқаро миқёсда ҳеч кимдан кам эмасликларига, рақобатбардош кадр бўлишларига хизмат қилмоқда. Шунингдек, Наполи шарқшунослик университети билан имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида институтда ҳар йили ёзги мактаблар ташкил этилиб, унда Италиядан келган талабалар фаол иштирок этмоқда. Бу эса икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш билан бирга маданий алмашинув ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаяпти. Мактабда итальян фильмлари, байрам томошалари ва концерт дастурлари, китоб тақдимотлари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш анъанага айланган.
Кейинги уч йилда тўрт нафар итальян тили ўқитувчимиз Сиена хорижликлар университетига малака ошириш курсларига юборилди. 2024 йилга келиб, айнан мазкур университет билан ҳамкорликда муассасамизда “CHILS” (Certificazione della conoscenza della Lingua Italiana) халқаро тил билиш сертификати берадиган тест-имтиҳон тизими жорий этилди. Бугунги кунда Самарқанд давлат чет тиллар институти ушбу тест-имтиҳонларини ўтказиш ваколатига эга мамлакатимиздаги ягона марказ ҳисобланади.
Италия Бош вазири Жоржа Мелони хонимнинг мамлакатимизга расмий ташрифи Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар билан бирга таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Баҳодир ХОЛИҚОВ,
Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори.