Италия Парламенти вакиллари Самарқандда

Италия Парламенти депутатлар палатаси депутати, “Италия-Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раҳбари Фабрицо Бенсони бошчилигидаги делегация Самарқандга келди.

Меҳмонларни Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов кутиб олди.

– Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари янада мустаҳкамланиб бормоқда, – дейди Фабрицо Бенсони. – Бу ҳамкорлик икки давлат раҳбарларининг ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлари туфайли ривожланмоқда. Биз ҳам Тошкентда икки мамлакат парламентлари ўртасида ўтказилган дўстлик гуруҳларининг йиғилишида парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериклик, сунъий интеллект соҳасида қўшма лойиҳалар, илм-фан ва таълим алмашинуви, маданий-гуманитар йўналишлар ҳамда туризм соҳасида имкониятларни кенгайтириш масалалари бўйича келишувларга эришдик.

Ташриф дастури доирасида делегация аъзолари Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуаси ва бошқа диққатга сазовор масканларни томоша қилди.